2013 йил 23 октябрь куни “Гаров реестри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2013 йил 19 июлда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2013 йил 22 августда маъқулланган.
Мазкур Қонуннинг мақсади гаров реестрини юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Қонунда гаров реестри тушунчасига ҳам таъриф берилган бўлиб, унга кўра қарздорларнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида бериб қўйган мол-мулкига нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги, шунингдек қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир ҳуқуқларига қонунга мувофиқ қўйилган чеклов ҳамда қарздор ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишини таъминлаши билан боғлиқ бошқа талаблар ҳақидаги ёзувларни (бундан буён матнда ёзувлар деб юритилади) ўз ичига олган маълумотларнинг ягона ахборот базаси гароф реестри сифатида эътироф этилган.
Шунингдек, Қонунда гаров реестрини юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузурида гаров реестрини юритувчи ташкилот ташкил этилиши кўзда тутилган.
Мазкур Қонун 2014 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.