Қозоғистонда маҳбусларга посилкалар юбориш ва уларга етказиш тақиқланиши мумкин. Мазкур қоида Жиноят-ижроия кодексининг янги таҳрири лойиҳасида ўз ифодасини топган. Бу ҳақида Tengrinews.kz сайти Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Амантай Куренбековнинг сўзларига асосланиб хабар берган.
“Айнан посилкалар орқасидан, биринчидан, тақиқланган предметлар юборилмоқда, иккинчидан, камера шароитида сақлаш мумкин бўлмаган озиқ-овқатлар қабул қилинмоқда. Бу эса санитария ҳолатининг ёмонлашувига сабаб бўлаётганини қайд этиш лозим. Учинчидан, посилкани жойлаш ва уни маҳбусга юбориш унинг карточкасига пул ташлашдан кўра қийинроқ жараён ҳисобланади”, – дейди вазир.
Куренбековнинг маълумот беришича, жазони ижро этиш муассасалари ҳудудида расман нақд пул айланмаси мавжуд эмас. Маҳбуслар ўзлари учун энг зарур бўлган маҳсулотларни тегишли тартибда карточкалар орқали харид қилиши мумкин. У яна янги таҳрирда қабул қилинаётган Жиноят-ижроия кодексида мазкур харидлар имконияти бир мунча енгиллашганини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари Кодекснинг янги таҳрири лойиҳасига биноан, жазони ижро этиш муассасаларида ибодатхоналар қуриш тақиқланади. Шунингдек, муассаса маъмурияти томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган коррупция жиноятини олдини олиш учун ҳам бир қанча чора-тадбирлар кўрилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасидаги мазкур соҳадаги қонунчилик ҳақида тўхталиб ўтсам. Юртимиздаги амалда бўлган Жиноят-ижроия Кодексининг 35-моддасига биноан, маҳкумларга учрашувлар, телефон орқали сўзлашувлар, посилкалар олиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш рухсат этилмайди. Бироқ бу якуний қоида эмас, бунга баъзи истисно ҳоллар ҳам мавжуд. Хусусан, мазкур Кодекснинг 39-моддасида маҳбуслар қандай ҳолларда посилкалар олиш мумкинлиги баён қилинган.
39-модда. Посилкалар, йўқловлар, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда юбориш
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар энг зарур нарсалардан иборат битта бандерол ёки йўқлов олиш ҳуқуқига эга. Олишга рухсат этилган энг зарур нарсалар рўйхати ички тартиб қоидалари билан белгиланади.
Маҳкума ҳомиладор аёллар ва ёнида боласи бор аёлларга, шунингдек шифокорнинг хулосасига кўра даволанишга ва кучли овқат билан таъминланишга муҳтож деб топилган беморларга, тиббий хулосада белгилаб берилган миқдорда ва турда посилкалар ҳамда йўқловлар олишга рухсат этилади.
Маҳкумларга пул жўнатмалари олиш ва юборишга, шунингдек посилкалар ва бандероллар жўнатишга рухсат этилади. Жўнатма тарзида келиб тушган пул маблағлари маҳкумнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб қўйилади.