Yangi hujjatlar

Россияда жиноий жазога тортиладиган терроризм билан боғлиқ ҳаракатлар рўйхати кенгайтирилди

Россия Федерациясида 2013 йил 2 ноябрь куни қабул қилинган Федераль қонунга биноан терроризмга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақида “Гарант” ҳуқуқий портали хабар бермоқда.

Хусусан, мазкур ўзгаришга кўра, РФ Жиноят Кодексига қуйидаги янги моддалар киритилди:

205-3-модда. “Террористик фаолият билан шуғулланиш мақсадида тайёргарликдан ўтиш”
205-4-модда. “Террористик уюшмалар тузиш ҳамда унда иштирок этиш”
205-5-модда. “Террористик ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва шундай ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш”

Шундай қилиб, жиноий жазога тортиладиган терроризм билан боғлиқ ижтимоий хавфли қилмишлар рўйхати кенгайтириладиган бўлди.
Шунингдек, мазкур қонун террористик ҳаракат натижасида етказилган зарарларни қоплаш нафақат ушбу ҳаракатни содир этган шахсларга, балки унинг қариндошлари ва яқинларига ҳам юкланиши мумкинлигини назарда тутади. Фақат бунинг учун, етказилган зарарни қоплаш юкланаётган қариндоши ёки яқини ўша террористик ҳаракат натижасида бирон мол-мулкка эга бўлганлиги ёки ўша мулк орқасидан даромад олганлиги исботланиши лозим.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистондаги терроризм билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари ҳақида икки оғиз тўхталмоқчи эдим.
Ўзбекистон Республикасида 2000 йил 15 декабрь куни “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги (31 модда), 2004 йил 26 август куни эса “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги (24 модда) Қонунлар қабул қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон 2011 йил 16 декабрь Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг терроризмга қарши конвенциясини (Екатеринбург, 2009 йил 16 июнь) ратификация қилган. Фақат мазкур конвенция қоидаларининг юридик ва жисмоний шахслар мол-мулкини жиноий жазо чораси сифатида мусодара қилишни қўллаш мумкинлигига доир қисми Ўзбекистон Республикасининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикасида қўлланилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида терроризм жинояти билан боғлиқ ягона модда мавжуд бўлиб, у 155-моддада ўз аксини топган. Эътиборли томони, терроризм Ўзбекистонда энг оғир жиноий жазо ҳисобланадиган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин бўлган иккита жиноятдан бири ҳисобланади (иккинчиси оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдириш).

Таъкидлаш жоизки, 155-моддада терроризмни тайёрлашда иштирок этган шахс, агар у ҳокимият органларига ўз вақтида хабар бериш ёки бошқа усул билан оғир оқибатлар юзага келишининг ҳамда террорчилар мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган бўлса, башарти бу шахснинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод этилиши назарда тутилган. Хусусан, 2000 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинган эди.

Юклаб олиш учун мавзуга оид ҳужжатлар:

1. “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонун

2. “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун

3. Жиноят Кодекси 155-моддаси (Терроризм)

4. “Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида”ги Президент Фармони

5. Россияда жиноий жазога тортиладиган терроризм билан боғлиқ ҳаракатлар рўйхати кенгайтирилди

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига