2013 йил 12 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси очилди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисининг биринчи кунида сенаторлар тўққизта масалани кўриб чиқдилар. Хусусан, сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб, маъқулладилар.
Бюджет кодекси бутун бюджет жараёнини (Давлат бюджетини шакллантириш, тасдиқлаш, ижро этишни ҳамда назоратни таъминлашни) ягона ва яхлит қонун ҳужжатида тизимлаштиришни, Давлат бюджетини ҳам, бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларни ҳам тартибга солишнинг ягона принципларини қўлланишни, бюджет жараёни барча қатнашчиларининг ваколатларини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлиги механизмларини белгилашни, шунингдек, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириб, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар манбаларини мустаҳкамлаб қўйишни, барча даражалардаги бюджетлар ўртасида ваколатларни тақсимлашни ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутади.
Сенаторларнинг фикрича, Бюджет кодексининг қабул қилиниши амалдаги Солиқ кодекси билан биргаликда давлат молиясининг ягона бирхиллаштирилган, халқаро стандартларга мос бўлган қонунчилик базасини шакллантиришга, бюджет соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тизимлаштиришга, шунингдек, бюджет жараёнининг ҳамма босқич ва даражаларида ягона ҳуқуқий нормалар ва ёндашувлар қўлланилишини, мамлакат бюджет тизимининг очиқ-ошкоралигини ва барқарорлигини таъминлашга имкон беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ҳам кўриб чиқдилар. Ушбу Қонун амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, уларнинг айрим нормаларини Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Эслатиб ўтаман, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодекси лойиҳаси умумий ва махсус қисмлардан, саккизта бўлим, йигирма еттита боб ва 203 та моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг асосий иккита “Бюджет тизими тўғрисида”ги ва “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги қонунларини, бюджет жараёнининг алоҳида масалаларини тартибга солувчи олтита қонун ва бошқа бир қатор ҳужжатларни қамраб олган.
Савол туғилиши мумукин: Бюджет Кодекси лойиҳаси маъқулланган бўлса, қачондан расмий кучга киради? Шу ҳақида тушунтириш берсам.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.
Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2014 йил 1 январдан бошлаб 2014-2015 йилларда синаб кўриш учун Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексини амалга киритиш назарда тутилаётганлиги ҳақида маълумот берган эди.