Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси талаба-ўқувчиларининг ҳар йилги қишки таътили тўғрисида”ги ПФ-517-сонли Фармонига мувофиқ жорий ўқув йилида қишки таътил кунларини белгилаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг №456-сонли махсус буйруғи имзоланди.
Мазкур буйруққа асосан, таълим муассасалари талаба-ўқувчиларини 2013 йилнинг 28 декабридан 2014 йилнинг 10 январига қадар қишки таътилга чиқариш белгиланди.
Шунингдек, мазкур буйруққа биноан, талаба-ўқувчиларнинг вилоятларга жўнаб кетиш кунларини аниқлаш, шу мақсадда чипталарга буюртмалар бериш ҳамда таътилга чиқиб кетиш ва ундан қайтиб келиш кунлари талаба-ўқувчиларни овқатлантириш ишларини мувофиқлаштирилган ҳолда амалга ошириш учун ҳар 20 нафар талаба-ўқувчига 1 нафар профессор-ўқитувчини масъул этиб бириктириш қайд этилган.
Бундан ташқари ҳар йилги анъанага кўра, таътил муносабати билан талаба- ўқувчиларга енгиллик яратиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” давлат компаниялари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида йўл чипталарини имтиёзли нархларда сотишни ташкил этиш йўлга қўйилган.