2014 йил 20 январь куни Президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзоланганлиги ҳақида хабар бергандим.
Унга кўра, 7 та Кодекс, 17 та Қонун ҳамда 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Жиноят Кодексига терроризм билан боғлиқ иккита янги жиноят қўшилди. Мазкур қўшимчага биноан, эндиликда тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик (155-1-модда) ҳамда террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш (155-2-модда) каби ҳаракатлар алоҳида жиноий ҳаракат сифатида баҳоланади.
Тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик жинояти қуйидаги ҳаракатларда намоён бўлади:
Жиноят Кодекснинг 155 (Терроризм), 155-2 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш), 158 (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш), 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161 (Қўпорувчилик), 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш), 245 (Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш), 254 (Радиоактив материаллардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш), 255-1 (Бактериологик, кимёвий ва бошқа хил ялпи қирғин қуроллари турларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш, олиш, бировга ўтказиш, сақлаш, қонунга хилоф равишда эгаллаш ва улар билан бошқа ҳаракатларни содир этиш) ва (ёки) 264 (Темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш) моддаларида назарда тутилган, дастлабки тергов ҳамда суд муҳокамаси материаллари билан исботланган, аниқ маълум бўлган тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик хусусиятига эга жиноят тўғрисида хабар қилмаслик, –
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Агарда террорчилик хусусиятига эга жиноятларга нисбатан ўша қилмиш:
а) одам ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, –
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш (155-2-модда) жинояти эса қуйидаги ҳаракатларда намоён бўлади:
Шахснинг террорчилик фаолиятини амалга ошириш ёхуд ушбу Кодекснинг 155, 158, 159, 161, 242, 245, 254, 2551 ва (ёки) 264-моддаларида назарда тутилган жиноятлардан бирини содир этиш мақсадида ўтказилаётганлиги ўзи учун аён бўлган ўқувдан ўтиши, шу жумладан мазкур жиноятларни содир этиш билимини, амалий маҳоратини ва кўникмаларини эгаллаши, ўқув чоғида қурол-яроғ, портлатиш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган бошқа моддалар ва буюмлар билан муомала қилиш усулларини ўрганиши, –
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу моддада назарда тутилган жиноятни содир этган шахс, агар у террорчилик фаолиятини амалга ошириш ёхуд ушбу Кодекснинг 155, 158, 159, 161, 242, 245, 254, 2551 ва (ёки) 264-моддаларида назарда тутилган жиноятлардан бирини содир этиш мақсадида ўтказилаётганлиги ўзи учун аён бўлган ўқувдан ўтганлиги тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар қилса, содир этилган жиноятни фош қилишга ёки бундай ўқувдан ўтган, бундай ўқувни амалга оширган, ташкил этган ёхуд молиялаштирган бошқа шахсларни, шунингдек ўқув ўтказилган жойни аниқлашга фаол кўмаклашса ва агар унинг ҳаракатларида жиноятнинг бошқа таркиби мавжуд бўлмаса, жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Яна шуни таъкидлаш жоизки, 2013 йил 2 ноябрь куни Россия Федерациясида ҳам терроризмга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилгани ҳақида хабар бергандим. Хусусан, мазкур ўзгаришга кўра, РФ Жиноят Кодексига қуйидаги янги моддалар киритилган эди:
205-3-модда. “Террористик фаолият билан шуғулланиш мақсадида тайёргарликдан ўтиш”
205-4-модда. “Террористик уюшмалар тузиш ҳамда унда иштирок этиш”
205-5-модда. “Террористик ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ва шундай ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш”