Yangi hujjatlar

Навоийни билмаганларга…

Бугун – 9 февраль. Қандай кун эканлиги Сизга маълум. Улуғ бобокалонимиз, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 573 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Мен ушбу буюк шахс сиймосига ортиқча таъриф бериб ўтиришни ўзимга жоиз деб топмадим. Шунчаки, бугун тасодифан топиб олган Алишер Навоий ҳақидаги бир шеър мени ушбу блогпостни ёзишга ундади.

Алишер Навоий сиймоси ҳақида гап кетса, энг аввало мустақиллигимиз билан боғлиқ бир ҳолат кўз олдимга келади. Биласиз, юртимизда йилларга турлича ном бериш анъанаси бор. Кўпчилик йилларнинг бундай номланиши 1997 йилдан бошланган деб ўйлашади. Лекин ҳужжатлардан кўриш мумкинки, бу анъана ҳали юртимиз мустақил бўлмасдан аввал бошланган. Кўпчилик йилларнинг бундай номланиши 1997 йилдан бошланган деб ўйлашади. Лекин ҳужжатлардан кўриш мумкинки, бу анъана ҳали юртимиз мустақил бўлмасдан аввал мавжуд эди. 1991 йил 29 январь куни Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг Президенти Ислом Каримов “Алишер навоийнинг 550 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги ПФ-139-сонли Фармонга имзо чекади. Фармон матнига эътибор беринг:

Буюк шоир, мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллиги нишонланиши муносабати билан меҳнаткашлар ва жамоаларнинг таклифларини инобатга олиб:
— 1991 йил Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасида Алишер Навоий йили деб эълон қилинсин;
— юбилей тантаналари шу йилнинг сентябрь ойида ўтказилсин.

Эътибор берган бўлсангиз, фармон январь ойида имзоланган. Лекин юбилей тантаналарини негадир сентябрь ойида ўтказиш режалаштирилган. Қарангки, юбилей танталари белгиланган сентябрь ойида Ватанимиз мустақилликка эришиб бўлган эди! Бу оддий тасодифмикин ёки бунда ҳам бир ўзига хослик бормикин-а? Менимча, буюк бобокалонимизнинг юбилейлари айнан мустақилликнинг илк кунларига тўғри келгани, шунчаки тасодиф эмас. Бунда ҳам рамзий маъно бор.

Алишер Навоий қабри Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида жойлашганидан хабарингиз бор. Бу мақбара ҳақида сўз кетар экан, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 373-сонли қарори ҳақида гапирмасак бўлмас. Ушбу қарор Афғонистон Ўтиш Ислом Давлатининг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоий мақбарасини қуриш тўғрисида бўлиб, унга кўра буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий хотирасини абадийлаштириш, Ҳирот шаҳридаги унинг мақбарасини тиклаш ва қуриш, шунингдек унга ёндош ҳудудни ободонлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси бир қатор қарорларни қабул қилган. Хусусан, Ҳирот шаҳрида мақбара қуриш, унинг ён-атрофини ободонлаштириш учун ҳукуматимиз томонидан маблағ ажратилган. Ўзбекистон томони лойиҳалаштириш ва қурилиш ишлари учун барча мутахассислар, қурилиш конструкциялари ва материаллари билан таъминлаган эди.

Энди шеър ҳақида. Ёдингизда бўлса, марҳум халқ шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотираларим билан ўртоқлашганимда, шеъриятга қизиқишим борлиги ҳақида сўз очган эдим. Академик лицейда ўқиб юрган пайтларим, Навоийхонлик кечалари ташкил қилинарди (менимча, ҳамма таълим муассасаларида ҳозир ҳам ўтказилади). Адашмасам, ёки 2002, ёки 2003 йилда ўтказилган шундай тадбирлардан бирида Алишер Навоий ҳақида ажойиб бир шеър айтиб берган эдим. Шеъринг тўлиқ матни ёдимда йўқ эди-ку, лекин мазмуни яхши эсимда қолганди. Тасодифни қарангки, бугун ўша шеърни уйдан топиб олдим. Муаллифи кимлигини аниқ билмайман, фақат Қамбар Ота деб ёзилган холос. Facebook ижтимоий тармоғида айтишларича, бу болалар шоири Қамбар Отаев (Ўтаев) бўлиши ҳам мумкин. Балким. Ўша шеърни ихтиёрингизга ҳавола этаман. Ўқинг, баҳра олинг.

Навоийни билмаганларга…

Гуржистонда шундай удум бор:
Қизга келса йигитдан совчи,
Кимлигига қилмай эътибор
Косибми у, деҳқонми, овчи…

Илк саволи фақат шу бўлар,
Ўқиганми Руставелини?
Шу важдати шоирин билар
Гуржиларнинг куёв-келини.

Ҳар ўзбекнинг уйига бирров
Буюрганда совчилар ташриф.
Навоийни биларми куёв?
Деб сўрашни қилурман таклиф.

Шундай талаб қўйилса, алҳол
Қўрқманг, қолмас қизларимиз тоқ
Буюк шоир шеърларин дарҳол
Ёд оларди, ҳар ошиқ бўйдоқ.

Назми – миллат
Юраги Ватан,
Навоийдан покланар иймон.
Навоийни дунё олар тан,
Бизга насиб наволи чаман.

Улуғликка тимсол, андоза,
Ҳар бир сўзи илоҳий ва ҳақ.
Виждони бут, юраги тоза,
Навоийдан мадад олган халқ.

Қалбини ишқ тилмаганларга,
Насиб этмас фахрли ўзлик.
Навоийни билмаганларга,
Қиз бермасин биронта ўзбек!

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (14)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига