Yangi hujjatlar

Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди

2014 йил 28 январь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси “Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қарор қабул қилди. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида» ПФ-4589-сон Фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Қарорга кўра, Низомга 2014 йил 1 январидан бошлаб фуқаролик-ҳуқуқий тарзидаги шартномалар бўйича ишлайдиган ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёшга доир пенсияларнинг минимал миқдоридан паст даромад (гонорар, мукофот ва бошқалар) оладиган пенсионерларга пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши ҳақидаги янги қоида киритилди.

Ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган пенсиянинг 50 фоиз миқдорида пенсиялар фақат пенсионер шартнома бўйича ишлаган кунлар учун тўланади. Пенсионер шартнома тузмаган қолган кунларда пенсиялар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тўлиқ миқдорда тўланади.

Низомда тўланаётган пенсия миқдорини ҳисоблаш билан боғлиқ бир қатор мисоллар ҳам келтирилган. Масалан:

1-мисол — 2014 йил 15 январда ёшга доир пенсия олувчи ишламайдиган пенсионер ишга қабул қилинди. Пенсионернинг ҳар ойлик пенсия миқдори 380 800 сўм 00 тийинни ташкил қилади. 2014 йил 1 январдан 14 январгача бўлган давр учун пенсия 100 фоиз миқдорида (380 800 : 31 х 14 = 171 974 сўм 19 тийин), 15 январдан 31 январгача бўлган давр учун 50 фоиз миқдорида (380 800 : 31 х 17 х 50% = 104 412 сўм 90 тийин) тўланади. 2014 йил январь ойи учун пенсия тўлови миқдори 279 387 сўм 09 тийинни (171 974 сўм 19 тийин + 104 412 сўм 90 тийин) ташкил қилади.

2-мисол — 2014 йил 2 январда ёшга доир пенсия олувчи ишламайдиган пенсионер бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини 150,0 минг сўм мицдорида тузди ва у бўйича мажбуриятлар пенсионер томонидан январь ойи давомида бажарилди. Пенсионернинг ҳар ойлик пенсия миқдори 380 800 сўм 00 тийинни ташкил қилади. Январь ойи учун ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 187 970 сўм 00 тийин миқдорини ташкил этади. Январь ойи учун пенсия 380 800 сўм 00 тийин миқдорида тўланиши лозим.

3-мисол — 2014 йил 2 январда ёшга доир пенсия олувчи ишламайдиган пенсионер бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини 600,0 минг сўм миқдорида тузди ва у бўйича мажбуриятлар пенсионер томонидан 3 ой давомида бажарилди. Пенсионернинг ўртача ойлик даромади 200 минг сўмни ташкил этади. Пенсионернинг ҳар ойлик пенсия миқдори 380 800 сўм 00 тийинни ташкил қилади. Январь, февраль ва март ойлари учун ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 187 970 сўм 00 тийин миқдорини ташкил этади. Январь, февраль ва март ойлари учун пенсия ҳар ойда 190 400 сўм 00 тийин миқдорида тўланиши лозим.

4-мисол — 2014 йил 15 январда ёшга доир пенсия олувчи ишламайдиган пенсионер оммавий ахборот воситаларида мақола чоп этиш учун бир марталик фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини 150,0 минг сўм миқдорида тузди ва у бўйича мажбуриятлар пенсионер томонидан шу куннинг ўзида бажарилди. 2014 йил январь ойи учун пенсия тўлиқ миқдорда тўланиши лозим.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (9)
  • Йўқ (6)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига