Аввал хабар берганимдек, 2014 йил 16 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун Президент томонидан имзоланди ҳамда 17 апрель куни матбуотда эълон қилиниб, кучга кирди.
Муштарийда савол туғилиши табиий: мазкур қонунга кўра, Конституцияга қандай ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди? Уларнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат.
Ушбу саволларга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Бир бошидан бошлаймиз.
32-модда.
Олдинги таҳрир |
Янги таҳрир |
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади. | Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади. (таҳрирланди)
Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади. (янги қўшилди) |
Мазкур ўзгартишдан асосий мақсад давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишда фуқаролик институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришдир.
Айтиш жоизки, ҳозирда “жамоатчилик назорати” дейилганда айнан нималар назарда тутилиши, уни амалга ошириш тартиб ва қоидалари Қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилмаган. Ушбу соҳада бир қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, Президентимиз Ислом Каримов 2010 йил 12 ноябрь куни Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни ҳам қабул қилиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратган эдилар.
Қонунда жамоатчилик назоратининг турлари, шакллари ва субъектларини, назорат предметини, уни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмларини, шунингдек, мазкур соҳада амалдаги қонун ҳужжатларини ижро этмагани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги шартларини белгилаб қўйиш зарур.
– Ислом Каримов
Ҳозирда давлат ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини шакллантириш, мазкур назорат турини самарали амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. Қонун лойиҳаси матни билан Адлия Вазирлиги расмий сайти орқали танишиш мумкин.
Шунингдек, яқинда Олий Мажлис Сенати “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни тасдиқлагани ҳақида маълумот берган эдим. Ушбу қонун ҳам жамоатчилик назорати институтига бевосита боғлиқ.
Таъкидлаш жоизки, Конституциямизда давлат ҳокимиятининг жамоатчилик олдида масъул эканини белгиловчи қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Асосий Қонунимизнинг 2-моддасида давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъул эканлиги белгиланган. 19-моддада Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қoнунлaрида ҳам “жамоатчилик назорати”га оид бевосита қоидалар белгилаб қўйилган.