Аввал хабар берилганидек, 2014 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда сенаторлар «Тижорат сири тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1572-сонли қарорини рўёбга чиқариш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида»ги қарорини ижро этиш доирасида ишлаб чиқилган.
Сенаторлар ушбу қонун тижорат сири ҳимоя қилинишини ва ундан фойдаланишни, ахборотни тижорат сири тоифасига киритишни, уни тизимга солишни таъминлашга, бозор рақобати шароитида хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини кўрсатиб ўтдилар.
Сенаторлар таъкидлаганларидек, қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат сири режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилади ва у бир қатор янгиликларни ўз ичига олади.
Қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратиш имконини беради, шунингдек, ахборот технологияларини, ишлаб чиқариш янгиликларини, ноу-хаулар ва инновацияларни янада ривожлантиришга рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади, бу эса пировардида иқтисодиётнинг янада ўсишига ва республикамизнинг равнақ топишига олиб келади.
Сенаторлар қонунни маъқулладилар.