2014 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси очилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида бир қатор масалалар муҳокама қилиниши назарда тутилган бўлиб, улар орасида бир нечта янги қонун лойиҳалари ҳам мавжуд.
Сенаторлар ўз ишларини Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошладилар.
Муҳокама жараёнида сенаторлар қайд этганларидек, амалга оширилаётган Концепцияда фуқаролик жамияти институтлари янада ривожланишини таъминлашга, уларнинг олиб борилаётган ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги ролини кучайтиришга муҳим аҳамият берилган. Кўриб чиқилаётган қонун ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқаришда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда ННТнинг давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини аниқ белгилаб бериши керак.
Мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик янгилашнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қонунда ижтимоий шерикликнинг асосий соҳалари, чунончи аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни ва аҳоли соғлиғини сақлаш, баркамол ва соғлом ёш авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини, ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини ошириш ва бошқалар назарда тутилмоқда.
Ушбу қонун ҳужжатида давлат органларининг ННТ билан ўзаро ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари, уларнинг жойлардаги ижтимоий муҳим муаммоларни ҳал қилишда иштирок этиш шакллари ва усуллари аниқлаштирилмоқда. Сенаторларнинг фикрича, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашда қонуннинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фондлари, шунингдек, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатларидан, ҳокимликлар тегишли бўлинмалари, адлия ва молия органлари, ННТ вакилларидан иборат тегишли жамоат комиссиялари тузилишини назарда тутувчи нормалари катта аҳамиятга эга.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун ижтимоий шерикликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий майдон яратишга, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга, катта ижтимоий аҳамиятга молик ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнида аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олишга ёрдам беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.