2014 йил 29 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш куни бўлиб ўтди.
Кун тартибидаги биринчи масала Тошкент шаҳар Ҳамза туманининг номини ўзгартириш тўғрисидаги масалани муҳокама қилиш бўлди.
Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ тайёрланганлиги ва киритилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Муҳокама якунида, Олий Мажлис Сенатининг қарорига биноан, Ҳамза туманининг номи Яшнобод тумани деб ўзгартирилди.
Хабарда таъкидланишича, ушбу масала Тошкент шаҳри аҳолиси ўртасида, фуқаролар йиғинлари фаолларининг, жамоат ташкилотлари вакилларининг, хусусан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа ташкилотлар вакилларининг мажлисларида олдиндан муҳокама қилинган.
Маълумот учун айтишим мумкинки, 2011 йил 12 октябрдаги “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддасига кўра, туманлар, шаҳарлар, вилоятларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари илтимосномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси киритган таклифга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан амалга оширилади.