Yangi hujjatlar

Президент “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонунга имзо чекди

2014 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ислом Каримов “Тижорат сири тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Қонуннинг расмий матни “Халқ сўзи” газетасининг сайтида эълон қилинди.

Мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2014 йил 18 июнда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2014 йил 28 августда маъқулланган эди.

Қонун 21 моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Қонунга кўра, тижорат сири дейилганда учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот тушунилади.

Тижорат сири қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши керак:

учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли ўз мулкдори учун ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлиши;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳаммага маълум ёки ҳамма учун очиқ бўлмаслиги;
унинг махфийлиги муҳофаза қилиш чора-тадбирлари билан таъминланган бўлиши;
давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир белгиларига эга бўлмаслиги.

Қуйидаги маълумотлар тижорат сирини ташкил этиши мумкин эмас:

давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкка доир ҳуқуқлар ва бу ҳуқуқлар бўйича битимлар тўғрисидаги;

юридик шахснинг таъсис ҳужжатларидаги, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган деҳқон хўжаликлари ҳақидаги ёзувлар тегишли давлат реестрларига киритилганлиги фактини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги;

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлардаги;

давлат унитар корхонасининг, давлат муассасасининг мол-мулки таркиби тўғрисидаги ва улар томонидан тегишли бюджет маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги;

атроф муҳитнинг ифлосланиши, ёнғин хавфсизлигининг ҳолати, санитария-эпидемиологик ва радиациявий вазият, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ҳамда ишлаб чиқариш объектларининг хавфсиз фаолият кўрсатишини, ҳар бир фуқаронинг ва бутун аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа омиллар ҳақидаги;

ходимларнинг сони ва таркиби, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги, шу жумладан меҳнатни муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликлари кўрсаткичлари, шунингдек бўш иш ўринлари бор-йўқлиги ҳақидаги;

иш берувчиларнинг иш ҳақи тўлаш ва ижтимоий тўловлар бўйича қарздорлиги тўғрисидаги;

қонун ҳужжатлари бузилишлари ва бундай бузилишларни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш фактлари тўғрисидаги;

давлат мулки объектларини хусусийлаштириш бўйича танловларнинг ёки ким ошди савдоларининг шартлари ҳақидаги;

нотижорат ташкилотлар даромадларининг миқдорлари ва тузилиши, ушбу ташкилотларнинг мол-мулки миқдорлари ва таркиби ҳақидаги, уларнинг харажатлари, бу ташкилотлар ходимларининг (аъзоларининг) сони ва меҳнатига ҳақ тўлаш, нотижорат ташкилотнинг фаолиятида фуқароларнинг текин меҳнатидан фойдаланилиши тўғрисидаги;

юридик шахс номидан ишончномасиз иш юритиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхати ҳақидаги;

давлат статистика ҳисоботи сифатида тақдим этилиши лозим бўлган маълумотлар.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига