Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг. |
Нарса ва ҳодисанинг моҳиятини тўғри тушунишда унинг турдош тушунчалар билан муносабати, умумий ва хусусий томонларини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу фикр бевосита давлат тили тушунчасига ҳам тааллуқлидир.
Давлат тили ва унинг ҳуқуқий мақомини ўрганиш, энг аввало, она тили, расмий тил, миллатлараро мулоқот тили, тил вазияти, нутқ вазияти, тил сиёсати, тил қурилиши каби тушунчаларга аниқлик киритишни тақозо этади. Чунки улар (давлат тили билан расмий тил; тил вазияти билан нутқ вазияти; тил сиёсати билан тил қурилиши) кўпинча бири биридан фарқланмайди.
Собиқ иттифоқ даврида давлат тили ҳақида гапириш миллатлараро муносабатларни атайин бузишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланар эди. Чунки миллатлараро муомала тили ниқоби остида бутун иттифоқда рус тилига амал қилиниши таъминланди. Натижада, ўтган асрнинг 80йилларига келиб, «миллатлараро муомала тили» миллий тилларни расмий доиралардан сиқиб чиқарди. Шунинг учун собиқ иттифоқ даврида эълон қилинган ишларда, жумладан, изоҳли ва энциклопедик луғатларда давлат тили тушунчаси деярли учрамайди.
Давлат тили ҳақида гапириш ва ёзиш имконияти ХХ асрнинг 80йиллари охирида юзага келди ва у ҳақда махсус тадқиқотлар, илмий ва оммабоп мақолалар ёзилди.
Биз ушбу мақола бошида зикр этилган тушунчаларни тавсифлашни давлат тилидан бошлаймиз. Чунки қолган термин ва тушунчалар давлат тили негизида таърифланиши керак. Бошқача айтганда, давлат тили тушунчаси юқорида кўрсатилган бошқа терминларга нисбатан бирламчидир. Давлат тили термини ва тушунчаси талқинида бир хиллик йўқ. Унга аксарият ҳолатларда расмий тил тушунчаси билан муштарак, айрим манбаларда эса маънодош тушунча сифатида қаралади. Масалан, «Большой юридический словарь»да фақат расмий тилга таъриф берилган: «Расмий тил – давлатнинг қонунчилик ва расмий иш юритишда, суд процессида, таълим ва шу кабиларда қўлланадиган тилидир. Кўплаб мамлакатларда (жумладан, Россия Федерациясида ҳам) «расмий тил» ва «давлат тили» тушунчалари тўлиқ мос келади. Фақат айрим мамлакатлардагина расмий тил ва давлат тили мақоми фарқланади. Конституцияда давлат тили тушунчасини қайд этиш асосан рамзий характерда бўлади».
Бу таъриф, биринчидан, юқоридаги фикримизнинг тўғрилигини тасдиқлайди, иккинчидан, «расмий тил» ва «давлат тили»ни фарқламайди, учинчидан, агар мазкур тушунчалар фарқланадиган бўлса, давлат тилига иккиламчи ўрин ажратади. Ушбу луғат ҳам даврнинг маҳсули сифатида собиқ иттифоқнинг тил сиёсатини ўзида мужассам этган.
Биз бундай ҳолатга иккинчи бир тадқиқотчининг ишида ҳам дуч келамиз. Унга кўра, расмий тил ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида қўллаш мажбурий бўлган давлат ҳокимияти тили, шу ҳокимиятнинг тўлиқ амалга ошувини таъминловчи бошқарув тилидир (Губалко М.И. Переломные годы. Мобилизованный лингвицизм.М.,1993. Т.1. С.41, 4647).
Тилнинг ижтимоий масалалари билан шуғулланувчи Ю.Трушкова давлат тилига шундай таъриф беради: «Давлат тили миллий тилнинг функционал турларидан бири. У расмий доираларда амал қилади ва юридик мақомга эга бўлади» (Трушкова Ю.В., Проблемы описания современной социолингвистической терминологии (термин «государственный язык») /Проблемы языковой ситуации Российской Федерации и зарубежных стран. – М., 1994. С.115).
Биз «давлат тили» ва «расмий тил»ни муштарак тушунчалар деб ҳам, маънодош тушунчалар деб ҳам ҳисобламаймиз. Чунки «давлат тили» «расмий тил»га қараганда ҳам моҳиятан, ҳам мазмунан кенг тушунчадир.
Тил вазияти. Бу тушунча ҳам серқирра ва кўпмаъноли бўлгани учун олимлар томонидан турлича талқин қилинади. В.Аврорин «тил вазияти»ни талқин қилиш учун «нутқ вазияти» тушунчасидан фойдаланади. Унинг фикрича, муайян давлатда тил вазияти ўрганилаётганда қуйидаги ҳолатларни эътиборга олиш лозим: 1) тил қўлланишининг ижтимоий шартшароитлари; 2) тил қўлланишининг соҳалари; 3) тил мавжудлиги шакллари; 4) тил функциялари. Биринчи уч ҳолат бир тиллилик билан боғлиқ вазиятлардагина ўрганилиши мумкин (Аврорин В.А., Проблемы изучения функциональной стороны языка. – Л.: Наука, 1975).
Юқорида баён қилинганларга асосланиб, «тил вазияти» тушунчасини шундай таърифлаш мумкин: тил вазияти – тиллар ўзаро алоқаларининг динамик вазияти. Унга яхлитлик ва муайян тизимга келиш хос. Тил вазияти демографик, маданийтарихий, этнополитик ва этноюридик омилларга боғлиқ ҳолда амал қиладиган ўзига хос жараёндир.
Тил сиёсати. Тил сиёсатининг шаклланишида давлат томонидан олиб бориладиган сиёсат кучли таъсир кўрсатади. «Тил сиёсати» тушунчаси ҳам бошқа кўплаб социолингвистик ва лингвоюридик тушунчалар каби олимлар томонидан турлича талқин қилинади. В.Григорьевнинг мазкур тушунчага берган таърифи, бизнингча, тўлиқроқдир: «Тил сиёсати – жамиятнинг тил тараққиётига онгли таъсири назарияси ва амалиёти. Бошқача айтганда, мавжуд тиллар қўлланиши ҳамда лисоний мулоқотнинг янги воситаларини яратиш, такомиллаштиришнинг мақсадли ва илмий асосланган дастуридир».
Тадқиқотчилар тил сиёсатининг конструктив, деструктив, марказлашган ва марказлашмаган йўналишларини кўрсатадилар.
Тил қурилиши. Тил қурилиши деганда манбаларда тил сиёсатини рўёбга чиқаришнинг амалий томони тушунилади. Тил қурилиши масалалари Л.Аюпова, Н.Баскаков, З.Ураксин, М.Исаев, Қ.Хоназаров ва бошқаларнинг ишларида ўрганилган.
Агар «тил қурилиши»ни М.Исаев «тил сиёсати»нинг амалий томони ва у билан боғлиқ назарий масалалар деб тушунса, Л.Аюпова «тил сиёсати»нинг назарий масалалари «тил қурилиши» масалаларига киради деган фикрни билдирадики, унга қўшилмасликнинг иложи йўқ.
Хуллас, Ўзбекистоннинг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишининг ҳуқуқий масалалари, энг аввало, улар билан боғлиқ тушунчаларга аниқлик киритишни тақозо этади. Чунки бу тушунчаларни таърифламасдан, уларнинг ўзаро муносабатини аниқламасдан давлат тили мақомининг моҳиятини тушуниш амримаҳолдир.
Раҳматилло Мирзаев,
СамДУ тадқиқотчиси
“Huquq va burch”
2011 йил 12-сон
www.huquqburch.uz
Ушбу мақола матни “Yurida” қонунчилик базаси дастуридан олинган.