Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг. |
Ўзбек тили дунёнинг энг ривожланган тилларидан бири эканлиги аллақачон исботланган. У мумтоз адабий анъанага, кенг тармоқли лексикага ва бой ифода воситаларига эга.
Маълумки, ўтмишда ўзбек тилининг мақоми турлича бўлган. Иш юритишда Ҳусайн Бойқаро даврида (ХV асрнинг иккинчи ярми – ХVI асрнинг боши) камроқ, амирликлар даврида кўпроқ қўлланган. Собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1918 йилда гўё тиллар тенглиги таъминланган – Туркистон АССРнинг давлат тили деб туркий (ўзбек) тил эълон қилинган. 1922 йилда имзоланган иттифоқ шартномасида тил масалалари алоҳида модда сифатида қайд этилмаган. Унинг 17-моддасида юридик актлар иттифоқдош республикаларнинг кўпчилик аҳолиси тилларида эълон қилиниши кўрсатилган, холос. Бу СССРнинг 1924 йилда қабул қилинган Конституциясининг давлат гербига бағишланган моддасида ҳам ифодасини топган.
1936 йилда қабул қилинган Конституцияда илк марта «иттифоқдош республика ёки автоном область тили» атамаси қўлланган. СССРнинг 1977 йилда эълон қилинган Конституциясида эса мазкур атама билан бирга «автоном округ тили», «мазкур ҳудуд кўпчилик аҳолиси тили» атамалари ҳам ишлатилган. Мазкур Конституция 1924 йилда эълон қилинган СССР Конституциясининг юридик актлар иттифоқдош республикалар тилида ёзилиши мумкинлиги ҳақидаги моддани қайта тиклади ва бу 1978 йилда қабул қилинган иттифоқдош республикалар конституцияларида ҳам ўз ифодасини топган.
Кузатишлар ўша давр тил сиёсати икки объектив сабабга кўра етарли самара бермаганини кўрсатади. Биринчиси кўплаб миллий республикаларда саводхонликнинг пастлиги бўлса, кейингиси миллатлараро муомала вазифасини бажара оладиган умумдавлат тилига бўлган эҳтиёждир.
Шу боис ҳам дастлабки пайтларда миллий тил билан бирга рус тилини қўллаш талаб қилинган бўлса, кейинчалик «миллатлараро муомала тили» деган қиёфасиз атама ўйлаб топилди ва бу конституцияда ҳам расмийлаштирилди. Бу ҳолат бошқирд олими Р. Кузеевнинг китобида холис ифодаланган. Унга кўра, бу давр аккультурация, яъни халқлар миллий қиёфасининг сезиларли йўқолиши, ҳаёт тарзини ҳозирги рус маданияти қолипларига солиш даври бўлди.
Давлат тили билан боғлиқ муаммолардан бири ёзув шакли (алифбо)ни танлашдир. Тадқиқотчилар бу муаммонинг 4 жиҳатини қайд этадилар: лисоний, иқтисодий, руҳий, сиёсий-маданий жиҳатлар.
Лисоний жиҳат у ёки бу ёзувнинг қулайлигига асосланади. Масалан, 1920-йилларда олимлар кирилл, лотин ёзувларидан қайси бирини танлаш устида баҳслашган бўлсалар, 1930-йилларда кирилл алифбосининг афзаллигини асослашга ҳаракат қилганлар. Буларнинг барчаси ғайрилингвистик манфаатларни ниқоблаш учун қилинган ҳаракатлардир. Россиянинг кўплаб туркий халқлари ҳаётида минг йилдан кўпроқ вақт мобайнида асосий ёзув вазифасини ўтаб келган, муқаддас Қуръон битилган араб алифбоси туркий тиллар учун ноқулай деган баҳонада дастлаб лотин, кейин кирилл алифбоси билан алмаштирилди.
Иқтисодий жиҳат ҳам ёзув шаклини ўзгартириш учун ўйлаб топилган ниқоб эди. Ҳарфларнинг бир алифбода камлиги, иккинчисида кўплиги реал иқтисодий талофатга олиб келмаслигини уларнинг ўзлари ҳам яхши билганлар.
Сиёсий-маданий жиҳат 20-30-йилларда устувор саналган. Кўплаб халқлар учун янги ижтимоий тузумга ўтиш айни пайтда миллий-маданий қадриятларнинг алмашиниши деган маънони ҳам англатар эди. Содир этилиши мумкин бўлган ағдар-тўнтарларнинг олдини олиш учун рус тилини лотин алифбосига ўтказиш масаласи кўрилди. Бугина эмас: ягона совет миллатини барпо этиш истиқболдаги мақсад экан, унинг ёзуви ҳам бир хил бўлиши керак деган шиор ўртага ташланган. ХХ асрнинг 30-йилларида СССРда қарорлар қабул қилиш «марказ» қўлига бутунлай ўтгандан кейин тил сиёсати зўравонлик асосида юритиладиган бўлди.
Бироқ ўша давр сиёсатидаги муҳим нарса ёзувнинг ўзгартирилгани эмас, балки рус тилининг давлат, жамият ва аҳоли турмушининг барча жабҳаларига фаол татбиқ этилгани эди. Бунда ВКП(б) МК ва Халқ комиссарлари советининг 1938 йил 13 мартдаги «Рус тилини миллий республика ва вилоятлар мактабларида мажбурий ўқитиш ҳақида»ги қарори аянчли роль ўйнади. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, шундай қарорлар иттифоқдош республикаларда ҳам қабул қилинди. Маълумотларга қараганда, бу даврда ўзбек мактабларида рус тили 3296 соат, ўзбек тили эса атиги 560 соат ҳажмидагина ўқитилган.
СССРнинг тил сиёсатидаги бундай бурилиш айрим олимлар томонидан маънавий-маданий-лисоний геноцид сифатида баҳоланганини ҳам таъкидлаш ўринлидир.
Никита Хрушев иттифоқ халқларининг миллий тафовутларини коммунизм қуриш йўлидаги ғов деб билган ва уларга барҳам беришга интилган, энг ашаддий русификатор сифатида тарихда қолган бўлса, Леонид Брежнев даврида рус тилини бутун аҳолининг «иккинчи она тили»га айлантириш кампанияси авж олган. Бироқ ўша даврда ҳам собиқ иттифоқ халқларини ва уларнинг тилларини руслаштириш кампаниясига қарши эътирозлар бўлган. Октябрь инқилобининг биринчи кунларидан баланд пардаларда куйланган тенглик «миллий тиллар тенг ҳуқуқлилиги», «мулоқот тилини танлаш эркинлиги» каби шиорлар билан хаспўшланди. Бунинг устига, рус тилини билиш мансаб пиллапояларига кенг имконият очиб берган.
Хуллас, собиқ иттифоқ даврида, гарчи СССР конституцияларида рус тили ҳамон давлат тили деб қайд этилган бўлмаса-да, миллий тиллар на амалда, на қонунчиликда тенг ҳуқуққа эга бўлди. СССРнинг 1977 йилда қабул қилинган Конституциясида она тилларда таълим олиш ҳуқуқи эмас, балки фақат имконияти кафолатлангани ушбу фикримизнинг яққол далилидир.
«Марказ»да ўтказиладиган кўплаб тадбирлар руслаштириш жараёнини тезлаштиргани шубҳасиз. Аммо бу жараён қуйидан – миллий республикаларнинг ўзидан бошлангани ҳам айни ҳақиқатдир.
Албатта, рус тили туфайли эришилган ютуқлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Лекин бунга қандай йўқотиш ва қирғинбаротлар туфайли эришганимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Буларнинг барчаси рус ва миллий тиллардан фойдаланиш соҳасида кучли зиддиятларга олиб келди.
Бу ҳолатлар пировардида СССРнинг миллий республика ва вилоятларида тил билан боғлиқ низоли вазиятларни юзага келтирмасдан қолмади. 1985 йили Михаил Горбачёв бошчилигида авж олган қайта қуриш даврида тил сиёсатига хос муҳим хусусиятлардан бири иккитиллиликни сақлаб қолиш ва ривожлантириш бўлди. Шунинг учун ХХ асрнинг 80-йиллари охирига келиб, иттифоқдош республикаларда тиллар ҳақида қонунлар қабул қилиш жараёни бошланиб кетди.
1987 йилга келиб СССРда тил сиёсати фақат «марказ» қарорлари билан белгиланадиган сиёсат сифатида барҳам топди: 1987 йилнинг май ойида Молдова, 1989 йилнинг 18 январида Эстония, 25 январида Литва, 5 майида Латвия тил ҳақида қонунлар қабул қилган бўлса, Ўзбекистонда 1989 йилнинг 21 октябрида «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинди.
Бу жараённи 1990 йилнинг 6 майида қабул қилинган «СССР халқлари тиллари тўғрисида» Қонун ҳам тўхтатиб қололмади. Чунки собиқ иттифоқдош республикаларда тиллар ҳақида қонунларнинг қабул қилиниши ва уларда давлат тили мақомининг қайд этилганлиги нафақат миллий тиллар тараққиётида, шунингдек, миллий давлатчиликни қайта тиклаш, мустақилликни қўлга киритишда янги давр бошланганини кўрсатди.
Хуллас, давлат тили мақомини тарихий-ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш унинг шаклланиши, амал қилиши ва такомиллашиши ҳақида холис хулоса чиқариш, у билан боғлиқ жараёнларни тизимли баён қилиш имконини беради.
Раҳматилло МИРЗАЕВ,
СамДУ тадқиқотчиси
Ҳуқуқ ва бурч
2011 йил 5-сон
www.huquqburch.uz
Ушбу мақола матни “Yurida” қонунчилик базаси дастуридан олинган.