АВЕСТО – “Авесто” китоби милоддан олдинги VI а.да юзага келган. Унинг яратилиши давлат арбоби ва қонуншунос, дин илоҳиётчиси сифатида Заотар ва Отарбон унвонлари соҳиби, ўз даврида «пайғамбар» (эзгулик ҳақида хабар берувчи) сифатида шуҳрат қозонган Спитамон номи б-н боғлиқ. Спитамон Зардушт тахминан м.авв. 630–553 ёки 618–341 й.да яшаган даврда Марказий Осиёда кўчманчилик инқирозга учраб, Турону Эронда эл бўлиб, ўтроқ яшай бошлаган. Берунийнинг ёзишича, “Авесто”нинг қўлёзмаси ўн икки минг молнинг терисига олтин ҳарфлар б-н ёзилган экан. “Авесто” зардуштийлар таълимотининг асосчиси Зардушт ўлимидан кейин коҳинлар томонидан яхлит китоб шаклига келтирилган. “Авесто”нинг маъноси “ўрнатилган қонун–қоидалар, ҳаётнинг асосий йўриқномаси, йўли” демакдир. Тарихий маълумотларга кўра, “Авесто” милоддан аввалги 2000 й.лик ва 1 минг й.ликнинг биринчи чорагидаги, бир неча юз й.лар давомида шаклланган. “Авесто”нинг дастлабки матни 21 та китоб (наск)дан иборат бўлган. 8–наски ҳуқуқий масалаларга оиддир. Унинг 12 минг мол терисига тилло ҳарфлари б-н битилган тўлиқ нашри Эрон шоҳининг оташхонасида сақланган. Александр Македонскийнинг Эронга юриши оқибатида унга ўт қўйилади. Ундан айрим парчалар сақланиб қолган. Кейинчалик, Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, “Авесто” асл матнининг бешдан икки қисми ва оғзаки ижодда сақланган хотиралар энг қадимги “гоҳлар” Шопур Сосоний шоҳлик қилган даврда (милоднинг III асри) “Мучапат” Картир томонидан ёзиб олинган. Хусрав биринчи ҳукмронлиги даврида (531–573й.) “Авесто” паҳлавий тилида “Зенд Авесто” (“Авесто шарҳи”) номида китоб шаклида ёзилган. 1755–1761 й.ларда француз олими Анкетил Дюперрон Ҳиндистоннинг Гужарат вилоятида эрон зардуштийларининг авлодлари – парсларнинг урф-одатлари ва диний маросимлари б-н танишиб чиққан. Энг асосийси, француз олими парсларнинг диний ёзувларини ўқишга муяссар бўлган. Француз Анкетил Дюпперон томонидан 1771 й.да француз тилида чоп этилган. XVII–XVIII а.да немис, инглиз, рус тилларига таржима этилди. Ўзбек тилига Асқар Маҳкам 2001 й.да таржима қилган. “Авесто”нинг «Вандидод» китобида олий тангри Аҳура Мазда томонидан дунёда биринчи бор яратилган ўн олти заминнинг ҳудудий жиҳатдан бошқарувига оид қонун–қоидалар, маъмурий тузилмалар ҳақида қимматли маълумотлар берилган. Дастлабки «Авесто»нинг айрим қисмлари сақланиб қолган: Ясна – «қурбонлик келтириш», Виспарт – «ҳамма ҳукмронлар», Яшт – «қадрлаш», «улуғлаш», Видевдат – «девларга қарши қонун». Улар сосонийлар даврида таҳлил қилинган. (муал. – Ҳ.Бобоев)