АДАБИЙ ЎҒРИЛИК, плагиат – бировнинг асарини кўчириб, ўзиники қилиб олиш. Бундай ўғрилик муаллиф ижозатисиз илмий, адабий, мусиқий ёки бадиий асарни ўз номидан тўла ёки қисман бостириб чиқаришдан, кашфиёт ёки ихтирочилик таклифларини ўзиники қилиб олишдан иборат. Айбдор ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, фуқаролик ёки жиноий тартибда жавобгарликка тортилади, бинобарин, ҳақиқий муаллифнинг ҳуқуқи тикланади. «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида» ЎзР Қонунининг 46-м.да «ҳуқуқ эгаси б-н шартнома тузмаган ҳолда асардан фойдаланилган тақдирда қоидабузар ҳуқуқ эгасига етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан, бой берилган фойдани қоплаши шарт» эканлиги кўрсатилган. Асардан муаллифлик шартномасида назарда тутилмаган усулда ёки бундай шартноманинг амал қилиши тўхтаганидан кейин фойдаланиш асардан шартнома тузмаган ҳолда фойдаланиш, деб ҳисобланади. Муаллиф ўз асарига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳамда асарга ўзининг розилигисиз бирон бир шахс томонидан ўзгартишлар ёки қўшимчалар киритилишидан асарини ҳимоя қилиш борасида алоҳида ҳуқуққа (асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуққа) эга (20-м.). ЖКнинг 149-м.да тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш ва ш.к. ҳолатлар жазоланиши кўрсатилган. (муал. – Ғ.Абдумажидов)