Yangi hujjatlar

АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИ

АДВОКАТЛИК ФАОЛИЯТИ – жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш борасидаги касбий фаолият. А.ф. б-н шуғулланишга ваколатли ЎзР фуқароси лицензия олади. Адвокатлик лицензиясига эга бўлмаган шахслар, давлат ҳокимият органлари, корхона, муассаса, ташкилотлардаги юрисконсультлар, қонун ёки уставга кўра юридик хизмат кўрсатиш ваколатига эга бўлган лавозимли ходимлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматлар ва нотариал идоралар томонидан амалда бажарилган нотариал ҳаракатлар адвокатлик фаолияти ҳисобланмайди. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ёки ёзма маълумотлар бериши; ҳуқуқий хусусиятдаги ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатлар тузиши, фуқаролик ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириши, жиноят ишлари бўйича дастлабки терговда ва судда ҳимоячи, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ва фуқаровий жавобгарнинг вакили сифатида иштирок этиши адвокатлик фаолиятининг турларидир. (муал. – Б.Саломович)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига