Yangi hujjatlar

АЙБ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ПРИНЦИПИ

АЙБ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК ПРИНЦИПИ – ЖКнинг 9-м.да белгиланган принцип. Унга кўра: “Шахс қонунда белгиланган тартибда айби исботланган ижтимоий хавфли қилмишлари учунгина жавобгар бўлади.” А.у.ж.п., биринчидан, жиноят содир этганликда айбдор шахснинг шахсий (индивидуал) жавобгарлигини; иккинчидан, фақат қасд ва эҳтиётсизлик шаклидаги жиноят содир этган жисмоний шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилишини англатади. Шахс айби бўлган жинояти учунгина жавоб беради, айби бўлмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди. А.у.ж.п. ижтимоий хавфли қилмиш ва унинг оқибатига нисбатан шахсий айби аниқланмаган ҳеч бир шахс жиноий жавобгарликка тортилмайди, – деган қоидани мустаҳкамлайди. Бу қоида кадимги Румо ҳуқуқида ҳам мавжуд бўлиб, қуйидагича ифодаланади: “Nullum crimen, nulla poena sine cupla” – “Айбсиз жиноят ҳам, жазо ҳам бўлмайди”, деган маънони билдиради. А.у.ж.п. субъектив жиҳатдан шахснинг ўз ижтимоий хавфли қилмиши ва унинг оқибатига нисбатан руҳий муносабатини англатса, объектив жиҳатдан жиноят қонунида айби бўлмаган шахснинг жиноий жавобгарликка тортилмаслиги белгилаб қўйилганлигида ифодаланади. А.у.ж.п. – ижтимоий хавфли қилмиш ва унинг оқибатига нисбатан айби исботланган шахсгина жиноий жавобгарликка тортилишини билдиради. (муал. – Ш.Абдуқодиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига