Yangi hujjatlar

АКЦИЯДОРЛАРНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ

АКЦИЯДОРЛАРНИНГ УМУМИЙ ЙИҒИЛИШИ – акциядорлик жамиятини бошқаришнинг олий органи. ЎзРнинг 1996 й. 26 апр.даги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга биноан, жамият ҳар й. А.у.й.ни (Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишини) ўтказиши шарт.

Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилиши жамият уставида белгиланган муддатларда, аммо молия й. тугаганидан кейин кўпи б-н олти ой ичида ўтказилади. Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишида жамиятнинг кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясини (тафтишчисини) сайлаш тўғрисидаги, яккабошчилик асосидаги ижроия органи б-н, коллегиал ижроия органининг аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи б-н тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш (шартномани қайта тузиш) ёки уни тугатиш (бекор қилиш) мумкинлиги тўғрисидаги, аудиторлик текшируви ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш тўғрисидаги масалалар, аудиторлик ташкилотини ва унинг хизматига тўланадиган ҳақ миқдори чегарасини белгилаш масалалари ҳал этилади, шунингдек, “Акциядорлик жамияти ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 65-м. биринчи қисми ўн учинчи хатбошисига мувофиқ жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва бошқа ҳужжатлар қараб чиқилади. Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йигилишлари навбатдан ташқари йиғилиш ҳисобланади. А.у.й. ўтказиладиган сана ва уни ўтказиш тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, а.у.й.ни ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материаллар (ахборотлар) рўйхатини жамиятнинг кузатув кенгаши белгилайди.

А.у.й.нинг мутлақ ваколатлари қонун ҳужжатлари б-н белгиланади. А.у.й.да иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхати жамият акциядорлари реестрининг жамият кузатув кенгаши белгилайдиган санага доир маълумотлари асосида тузилади. А.у.й.да иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатини тузиш санаси а.у.й.ни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан олдин ва умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан 60 кундан олдин белгиланиши мумкин эмас.

А.у.й.ни ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларга уларнинг номига ёзма хабарнома юбориш ва матбуотда тегишли ахборот эълон қилиш орқали маълум қилинади.

Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамият кузатув кенгашининг қарори б-н унинг ўз ташаббусига биноан, жамият тафтиш комиссияси талабига кўра, шунингдек, талаб тақдим этилган санада жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талаби б-н ўтказилади. (муал. – Ж.Юлдошев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига