Yangi hujjatlar

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ – устав фонди муайян акциялар сонига бўлинган жамият. А.ж.нинг иштирокчилари (акциядорлар) унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар ва жамият фаолияти б-н боғлиқ зарар учун ўзларига қарашли акциялар қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Акциялар ҳақини батамом тўламаган акциядорлар а.ж.нинг мажбуриятлари бўйича ўзларига қарашли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўладилар. А.ж.нинг фирма номида жамиятнинг номи ҳамда бу жамият А.ж. эканлиги ўз ифодасини топиши керак. А.ж. юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин. Акцияларни чиқариш ҳамда уларни муомалага киритиш А.ж.нинг асосий жиҳати бўлиб, бу уни бошқа тижоратчи юридик шахслардан фарқлаб туради. А.ж. тўғрисидаги умумий қоидалар, акциядорлик жамиятини тузиш, унинг устав фонди, жамиятнинг акциялари, облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари, жамиятнинг соф активлари, жамият томонидан акциялар ва қимматли қоғозларни чиқариш ҳамда жойлаштириш, акциядорлар реестрини юритиш, акцияларни сақлаш, дивидендлар тўлаш, А.ж.нинг бошқарув органлари, жамият томонидан йирик битимларни тузиш, уни қайта ташкил этиш ва тугатиш, ҳисоб-китоб ва жамият фаолиятини назорат қилиш масалалари ЎзРнинг 1996 й. 26 апр.да қабул қилинган “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари б-н тартибга солинади. А.ж. очиқ ёки ёпиқ бўлиши мумкин. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига