Yangi hujjatlar

БАНК

БАНК – юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар қабул қилиш ҳамда қабул қилинган маблағлардан таваккал қилиб кредит бериш ёки инвестициялаш учун фойдаланиш; тўловларни амалга ошириш фаолиятини амалга оширувчи тижорат ташкилоти. Б.лар ўз фаолиятларида қуйидаги Б. операцияларини ҳам амалга оширадилар: жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, вакил банкларнинг ҳисобварақларини очиш ва юритиш, ҳисобварақлар бўйича ҳисоб-китоб қилиш; омонатларни жалб этиш; кредитларнинг қайтарилиши, фоизлилиги ва муддатлилиги шарти б-н ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлар ҳисобидан кредитлар бериш. Б. бевосита ишлаб чиқариш, савдо ва суғурта фаолияти б-н шуғулланишга ҳақли эмас. Б., шу жумладан, чет эл банки, ЎзРда ўз фаолиятини ЎзРнинг Марказий банки томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади. Б., қоида тариқасида, мулкчиликнинг ҳар қандай шакли асосида акциядорлик жамияти тарзида ташкил этилади. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар Б. муассислари бўлиши мумкин. Б. ўз уставлари асосида фаолият кўрсатади. Б.нинг устав капитали Б. муассислари ва акциядорлари тўлаган пул маблағларидан ташкил топади. Б. Марказий банкда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади. Б.лар ЎзРда ўз филиалларини, чет эл Б.лари эса ўз ваколатхоналарини Марказий банкнинг рухсати б-н очишлари мумкин. Б.лар, башарти, қонун ҳужжатларининг талабларига зид келмаса, ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, ўз аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш ва биргаликдаги дастурларни амалга ошириш учун иттифоқлар, уюшмалар ва б. бирлашмалар тузишлари мумкин. Б. қуйидаги ҳолларда ўз фаолиятини тўхтатади: акциядорлар йиғилишининг қарорига кўра; Марказий банк лицензияни чақириб олганида; банкрот деб эълон қилинганида. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига