Yangi hujjatlar

БАНК ЧЕКИ

БАНК ЧЕКИ – тижорат банкининг ҳисоб-китоб чеки, мижознинг хизмат кўрсатувчи банкига чек берувчининг счётидан чек ушловчининг счётига маълум суммадаги маблағларни ўтказиш бўйича берган топшириғи. Чеклар тижорат банклари буюртмасига кўра уларнинг фаолияти учун етарли бўлган миқдорда Марказий банкнинг “Давлат белгиси” Давлат ишлаб чиқариш бошқармаси томонидан тайёрланади. Бунда, чекнинг рақами ва серияси, банк–эмитентнинг номи ва фирма белгиси босмахона усулида чоп этилади. Чеклар товарлар, ишлар ва хизматлар учун жисмоний шахслар ва юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги фақат нақд пулсиз ҳисоб-китобларда қўлланилади. Чекнинг максимал суммаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан, минимал суммаси эса – тижорат банклари томонидан мустақил равишда белгиланади. Банк чек берганда жисмоний шахснинг аризасига биноан чекнинг суммасига “Жисмоний шахсларнинг талаб қилингунга қадар депозитлари” баланс счётида алоҳида иккиламчи шахсий счётни очади ва тўловларни фақат шу счётдан амалга оширади. Чек омонат қўювчи жисмоний шахснинг депозит счётида сақланаётган маблағлар ҳисобига ёки топширилган нақд пул суммасига берилади. Чек икки қисмдан иборат, яъни чекнинг ўзи ва унинг милки (корешоги). Милкда чекдаги кўрсатилган суммани тасдиқловчи назорат рақамлари кўрсатилади. Чекнинг амал қилиш муддати тижорат банклари томонидан мустақил равишда белгиланади. Агар чек амал қилиш муддатида банкка тақдим қилинмаган бўлса, у ҳолда чек суммаси “Ҳаракатсиз депозитлар” баланс счётида ҳисобга олинади. Чек эгаси амал қилиш муддати тугаган чек б-н банкка мурожаат қилган такдирда, банк қаршиликсиз чек эгасининг паспорти (ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжат) асосида чекни қабул қилиши ва тўлаб бериши лозим. (муал. – Қ.Абдурасулова)

 

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига