БАНКЛАРАРО ОПЕРАЦИЯЛАР – банк операцияларининг бир кўриниши бўлиб, унда банк хизматининг ижрочилари ва қабул қилиб олувчилари сифатида банк муассасалари қатнашади. Бунда тижорат банклари ўз мижозларига кўрсатадиган хизматларни бир-бирига ҳам қўллайди. ЎзРнинг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни 32-м.га мувофиқ, банклар шартнома асосида маблағларни депозитлар, кредитлар шаклида бир-бирларидан жалб этиши ва бир-бирига жойлаштириши, ташкил этиладиган ҳисоб-китоб марказлари ва вакиллик ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириши ҳамда лицензияда назарда тутилган бошқа ўзаро операцияларни бажариши мумкин. Б.о.нинг иштирокчилари сифатида ЎзР Марказий банки ва тижорат банклари қатнашади. (муал. – А.Ли)