Yangi hujjatlar

БАНКРОТЛИК

БАНКРОТЛИК – хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги. Бундай мажбуриятлар юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаса, бу ҳолат унинг б. аломатлари деб эътироф этилади. Б. аломатлари юзага келган тақдирда, қарздорнинг раҳбари бу ҳақда қарздорнинг муассисларига (иштирокчиларига), бошқарув органларига ёки қарздорнинг мол-мулки эгасига ёзма шаклда хабар қилиши шарт. Қарздор тугатиш комиссияси ёки тугатувчи хўжалик судига ариза беришга мажбур. Қуйидаги ҳолларда хўжалик судига мурожаат этиш шарт: бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келган бўлса; қарздорнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган юридик шахс органи томонидан қарздорнинг аризаси б-н хўжалик судига мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса; қарздор унитар корхона мол-мулкининг эгаси ваколат берган орган томонидан қарздорнинг аризаси б-н хўжалик судига мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса; ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилганда бундай ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўяди деб ҳисоблашга асослар бўлса; тугатиш комиссияси (тугатувчи), агар юридик шахс тугатилаётганда кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондиришга имкони йўқлиги аниқланган бўлса, қарздорнинг аризаси б-н хўжалик судига мурожаат этиши шарт. Б.нинг олдини олиш мақсадида қарздорнинг муассислари (иштирокчилари), бошқарув органи ёки қарздорнинг мол-мулки эгаси қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик судига тақдим этилгунга қадар қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўради. Қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар қарздор б-н тузилган битимга асосан кредиторлар ёки бошқа шахслар томонидан ҳам кўрилиши мумкин. (муал. – И.Зокиров)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига