АЛИМЕНТ – ЎзР ОКга биноан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан а. ундирилади. Вояга етмаган болаларга а. тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки а. ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам а. ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза б-н мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда а. ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун а. суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган а. миқдори қонун ҳужжатлари б-н белгиланган энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги керак. Ота-она вояга етмаган болаларидан ташқари вояга етган фарзандларига ҳам а. тўлашлари шарт. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади. (муал. – Н.Эгамбердиева)