Yangi hujjatlar

АЛКОГОЛИЗМ

АЛКОГОЛИЗМ – спиртли ичимликларга патологик ҳирс қўйиш (руҳий ва жисмоний мойиллик) б-н, алкоголь истеъмол қилиш тўхтатилганда хумор синдроми пайдо бўлиши, кейинчалик соматоневрологик бузилишлар ва руҳий шахс ўзгариши б-н кечадиган хасталик. Бу касаллик жамият учун ҳам, беморнинг ўзи учун ҳам ноқулай бўлган ижтимоий оқибатларга олиб келади. Алкоголизм нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммо ҳамдир. Алкоголизм ҳолати алкоголь ичишдан бошлаб, секин–аста ривожланади. Алкоголизм спиртли ичимликларни узоқ вақт истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган тиббий оқибатларидан фарқ қилиб, кўпгина ижтимоий оқибатлари касалликнинг эрта босқичларида шаклланиши мумкин. Бу аввало алкоголнинг мастлик чақириши ва психотроп таъсири б-н боғлиқ. Алкоголизмнинг ижтимоий оқибатлари турличадир. Хусусан, уларга йўл–транспорт ҳодисаларининг ошиб бориши киради. Бу муаммонинг ошиб боришига иқтисоди ривожланган давлатларда й.ига транспорт воситаларининг ошиб боришигина эмас, балки ўз ишини пухта билмайдиган ҳайдовчиларнинг кўпайиши ҳам сабаб бўлмоқда. Алкоголизм ижтимоий ва тиббий аспектга эга. Ижтимоий маънода алкоголизм деганда жамият фаровонлигига ва криминал ҳолатга, инсонларнинг соғлиғига, турмушига, меҳнатига путур етказувчи номеъёрий спиртли ичимликларни ичиш тушунилади. Тиббий маънода алкоголизм – бу организмнинг ички органларида ва тизимларидаги ўзгаришлар, аниқ руҳий бузилишлар б-н борадиган, спиртли ичимликларга қарамликнинг ривожланиши б-н ўтадиган, доимий алкоголь истеъмол қилиш натижасида юзага келувчи сурункали касаллик ҳисобланади. Руҳий бузилишлар алкоголга патологик мойиллик, тобелик, хумор (похмель) синдромининг пайдо бўлиши, мастликнинг ўзгарган ҳоллари, чидамлиликнинг ўзгаришлари (организмни этанолга чидамлилиги) ва шахснинг қилиқ ўзгаришларининг ривожланиши б-н намоён бўлади. Алкоголизмда юрак–қон томирлари, асаб тизими, бутун ички аъзолар ва бош мия касалликларининг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга. Баъзан алкоголизм ичкилик хасталиги деб аталади. (муал. – А.Норбоев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига