АЛОҲИДА ТАРТИБДА ИШ КЎРИШ – фуқаролик суд ишларини юритиш турларидан бири. Алоҳида тартибда кўриладиган ишларда ҳуқуқ ҳақида низо бўлмайди, шу белгиси б-н у даъво ишларини юритишдан фарқ қилади. Алоҳида тартибда иш юритишдан мақсад фуқароларнинг бирон–бир ҳуқуқлари вужудга келганлиги, ўзгарганлиги ёинки бекор бўлганлигини, яъни юридик фактларнинг мавжудлиги ёки уларнинг йўқлигини аниқлашдан иборат бўлади. (муал. – М.Мамасиддиқов)
Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриладиган ишларга қуйидагилар киради: 1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар; 2) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони ўлган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар; 3) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишлар; 4) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ишлар; 5) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш тўғрисидаги ишлар (чақириб иш юритиш); 6) ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ишлар. (муал. – М.Ахмедшаева)