АЛОҲИДА ТАҚҚОСЛАШ ТАДҚИҚОТИ – идентификацион тадқиқотлар изларни таққослаш асосида ўтказилади. Таққослаш тадқиқоти иккита босқичдан иборат. Биринчи босқичда объектларни алоҳида–алоҳида таҳлил қилиш, иккинчиси эса – таққослаш тадқиқотидир. Алоҳида–алоҳида таҳлил қилишда мас., бармоқ излари нақшларининг умумий белгиларини текшириш асосида турлари аниқланади, қўл излари айланасимон, ёйсимон, сиртмоқсимон шаклдаги излар. Агарда нақш тури аниқланмаса у ҳолда папилляр чизиқлардаги мавжуд бошқа белгилари ўрганиб чиқилади. Таққослаш тадқиқотида изларда умумий белгиларнинг ўхшашлиги текширилади. Бунда нақшларнинг умумий ўхшашлиги, марказ б-н дельта оралиғида жойлашган чизиқларнинг сони, оқимларнинг шакли ва йўналиши текширилади. Умумий белгиларнинг фарқланиши папилляр нақшларнинг бошқа–бошқа эканлигини билдиради. Аксинча, умумий белгиларнинг ўхшашлиги кейинги текширув босқичига ўтиш кераклигини англатади. Кейинги босқичда хусусий индивидуал белгилар ва аломатлар таққосланади. Бу босқичда хусусий белгилар сони, уларнинг марказ ва дельтага нисбатан жойлашиши текширилади. Индивидуал аломатларнинг бор–йўқлиги ва бор бўлса ўхшашлиги аниқланади. (муал. – А.Норбоев)