БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИК – тирик организмнинг мураккаблиги, ўз функцияларини ўзи созлаш қобилияти ва улардан ҳар томонлама фойдаланиш имкониятини акс эттирувчи биологик объектларнинг фарқланадиган турлари ёки ҳодисалари сони ҳамда уларнинг фазо ва вақтнинг қайд этилган оралиғида учрашининг такрорийлиги. Б.х–х. барча ҳайвонлар, ўсимликлар, замбуруғлар, микроорганизмлар ва экотизимлар ҳамда уларда кечаётган жараёнларни ўз ичига олади. Б.х–х. уч даражага бўлинади: генетик хилма-хиллик, турлар хилма-хиллиги ҳамда экотизимлар хилма-хиллиги. Б.х–х. конкрет ҳудудда тарқалган турларнинг сони ва учрашининг такрорийлигини акс эттиради. Экотизимлар туркумлар маконларининг ҳар хил турлари ва экологик жараёнларининг сонини акс эттиради. Б.х–х. табиатнинг умумий хилма-хиллиги феноменининг хусусий ифодаларидан биридир.
Б.х–х. ранг-баранг деб ҳам аталади. Лекин ер куррасининг биосфера қобиғида яшовчи ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг турли шакллари, кўринишлари ва хиллари экотизимларда ранг-баранглигидан кўра, хилма-хиллиги б-н ажралиб туради. Чунки экологик тизимда организмлар нафақат ранг-баранглиги, балки каттаю–кичиклиги, маълум бир ишларни, функцияларни бажара олиши, муайян табиий жараёнларда қатнашиши б-н ҳам бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг ҳар бири, рангидан қатъи назар, биосферада маълум бир экологик функцияни бажаради. Тупроқда азотли бирикмаларни (нитратларни) парчаловчи микроорганизм– бактерияларнинг функциясини бошқа тупроқда яшовчи микроорганизмлар бажара олмайдилар. Шу сингари ўтхўр ҳайвонларнинг озиқа–занжиридаги ўрнини йиртқич ҳайвонлар боса олмайдилар. Ер куррасида 500 мингдан ортиқ ўсимлик турлари мавжуд бўлиб, инсонлар кундалик ҳаётий фаолиятларида уларнинг 6000 туридан фойдаланадилар, холос. Ўсимликларнинг 1500 тури доривор ўсимликлар туркумига киради. Ўзбекистонда 4148 ўсимлик дунёси туридан 577 таси доривор, 103 таси бўёқдор ва 560 таси эфир мойлидир. Ўрмонлар республикамиз умумий майдонининг 5,1 фоизини ташкил этади, лекин уларнинг ер юзини қоплаганлик даражаси 0,3–0,4 фоизга тенгдир. Кейинги 20 й. ичида экологик вазиятнинг ёмонлашуви сабаби ЎзР “Қизил Китоби”га ўсимлик дунёсининг 147 тури киритилди. Ер куррасида ҳайвонот дунёсининг 2 миллиондан ошиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирини экотизимларда ўз ўрни ва фойдали экологик хусусиятлари бор. Ер юзида яшовчи ва ўсувчи ноёб, йўқолиб кетаётган тирик организмларнинг кунига бир тури мамлакатлар ёки дунё “Қизил Китоб”ларига киритилмоқда. Шунинг учун ҳам инсонлар уларнинг хилма– хиллигини сақлаб қолишлари зарур. 1992 й. Рио–де–Жанейро (Бразилия)да 156 мамлакат раҳбарлари томонидан имзоланган «Биологик хилма-хиллик тўғрисида»ги Конвенцияга қўшилган ЎзРда 1995 й. Олий Мажлис томонидан ратификация қилинган. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1998 й. 1 апр.даги 139–сонли қарори б-н «Биологик ранг-баранглик сақланишининг миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилган. Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги халқаро Конвенциянинг мақсади: – ер куррасида биологик ресурсларнинг хилма-хиллигини сақлаш; халқ хўжалиги соҳалари (қишлоқ хўжалиги, ўрмон ва балиқ хўжалиги) да биологик ресурслардан фойдаланишда табиий ресурсларга ва халқ хўжалиги соҳаларига зарар етказмайдиган усулларни қўллаш; генетик ресурсларни ишлатиш ва улардан фойда олишда адолатли ва тенг ҳуқуқли усулларнинг қўлланилишини рағбатлантириш. (муал. – А.Нигматов)