АРИЗА – 1) муайян муассаса ёки мансабдор шахс номига бирор илтимос тарзида ёзиладиган расмий ҳужжат. Мас., боғча мудираси, мактаб директори, олий ўқув юрти ректори, давлат ёки хусусий корхона ёхуд нодавлат ташкилоти раҳбари номига ишга, ўқишга кириш ва улардан бўшатиш, иш ёки уй–жой шароитини яхшилаш, нафақа белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш, таътил бериш, жамоат ёки акциядорлик жамиятларига аъзо бўлиб кириш ва ҳ.к. мавзулардаги А.лар; 2) давлат органи, суд, корхона, муассаса, ташкилотга, жамоат бирлашмаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бирон–бир масала бўйича якка тартибда ёки жамоа бўлиб оғзаки ёхуд ёзма равишда мурожаати. ЎзРнинг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида (2002 й. 13 дек.) А. жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилиши мумкинлиги кўрсатилган. Қонун талабига кўра, ваколатли давлат органлари, жамоат бирлашмалари, уларнинг мансабдор шахслари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари А.ларни ҳар томонлама, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқишлари, қонунга асосланган қарорлар қабул қилишлари ва улар ижросини таъминлашлари; А.ларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида фуқароларга маълум қилишлари шарт. А.да баён этилган талабларни қондириш рад этилса, сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма тарзда фуқарога маълум қилиниши лозим. А.си бўйича қабул қилинган қарор устидан фуқаролар қонун назарда тутган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Фуқароларнинг А.лари давлат органига, жамоат бирлашмасига, корхона, муассаса ва ташкилотга тушган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб қилмайдиган масалалар эса 15 кундан кечиктирмай ҳал қилиниши шарт. А.ни ҳал этиш учун махсус текширувлар ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлса, тегишли орган, корхона, муассаса, ташкилот раҳбари А.ни ҳал этиш муддатини истисно тариқасида узайтириши мумкин, бироқ 6у муҳлат 2 ойдан ошмаслиги, бу ҳақда А. берган шахсга маълум қилиниши шарт. А.да фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва А.нинг моҳияти баён этилган бўлиши лозим. Имзосиз, қалбаки имзоли ёки уйдирма шахс номидан ёзилган А. аноним ҳужжат ҳисобланади. А. арз қилувчи шахс томонидан имзоланиши лозим (ЖПК 322–323-м.). Оғзаки А.ни қабул қилган мансабдор шахс бу ҳақда баённома тузади, унда арз қилувчи, унинг яшаш ва ишлаш жойи, шахсий ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши, арз қилувчи ҳужжат кўрсата олмаса, унинг шахси тўғрисидаги маълумотларни бошқа йўллар б-н текшириш чораси кўрилиши керак (ФПК 40–45, 100, 148–157, 159-м.) “Жисмоний ва юридик шаҳсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларини бузганлик учун МЖК 43-м.га асосан маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган. (муал. – Ғ.Абдумажидов)