Yangi hujjatlar

АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИ

АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИ – аудиторлик фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган юридик шахс. А.т. ўз фаолиятини амалга оширишда мустақилдир. А.т. вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқарув органлари томонидан тузилиши мумкин эмас. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолияти б-н шуғулланиши тақиқланадиган бошқа шахслар А.т.нинг муассиси бўла олмайди. А.т. очиқ турдаги акциядорлик жамияти кўринишидан ташқари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган исталган ташкилий–ҳуқуқий шаклда тузилиши ва ўз фаолиятини қуйидаги мажбурий шартларга риоя этган ҳолда амалга ошириши мумкин: А.т. устав капиталининг камида 51 фоизи бир аудиторга тегишли бўлиши керак (чет эл А.т.нинг филиали ёки шўъбаси бундан мустасно); А.т.нинг штат бирлиги камида икки аудитордан иборат бўлиши керак; А.т.нинг раҳбари фақат аудитор бўлиши керак; А.т.нинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган устав капитали мавжуд бўлиши керак. А.т.лари ЎзР Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. Адлия вазирлиги А.т.ларининг давлат реестрини юритади. A.т.ни давлат рўйхатидан ўтказиш ва А.т.ларининг давлат реестрини юритиш тартиби қонун ҳужжатлари б-н белгиланади. А.т.лари аудиторлик фаолиятини ўзининг фуқаролик жавобгарлиги хусусидаги суғурта полиси мавжуд бўлган тақдирда аудиторлик хизмати кўрсатиш тўғрисидаги тузилган шартнома асосида амалга оширилади. А.т. қуйидаги профессионал хизматларини кўрсатиши мумкин: бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш ва юритиш; молиявий ҳисоботни тузиш; миллий молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳисоби халқаро стандартларига ўтказиш; хўжалик юритувчи субъектларнинг молия–хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш; бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш, режалаштириш, менежмент ва молия–хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан консалтинг хизмати; солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар ва декларацияларни тузиш. А.т.лари аудиторлик фаолиятининг миллий стандартларида назарда тутилган бошқа профессионал хизматларни ҳам кўрсатишлари мумкин. (муал. – А.Ли)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига