Yangi hujjatlar

БОЖХОНА ДЕКЛАРАЦИЯСИ

БОЖХОНА ДЕКЛАРАЦИЯСИ – божхона назоратини амалга ошириш учун зарур маълумотлар тўғрисидаги ёзма ёки оғзаки баёнот. Б.д. ЎзР Давлат божхона қўмитаси белгилаган муддатларда берилади. Б.д. жисмоний шахслар божхона чегараси орқали товарларни тижорат мақсадини кўзламаган ҳолда, қўл юки орқали ва кузатиб бориладиган юк (багаж)ни ўтказган пайтда товарларни тақдим этиш б-н бир вақтда берилади. Товарлар учун божхона расмийлаштирувидан ўтказилаётган божхона органига декларация топширилади. Товарлар ташийдиган транспорт воситалари товарлар б-н бир вақтда декларацияланади. Юксиз транспорт воситалари ва йўловчилар ташиётган транспорт воситалари ЎзРнинг божхона чегарасини кесиб ўтиш вақтида декларацияланади. Денгиз, дарё ва ҳаво кемалари ўзи етиб келган ЎзР божхона ҳудудидаги порт ёки аэропортда ёхуд ўзи жўнаб кетган ЎзР божхона ҳудудидаги порт ёки аэропортда декларацияланади. Б.д. божхона органлари томонидан белгиланган муддатларда топширилади. Бу муддатлар товарлар ва транспорт воситалари кўрсатилган кундан эътиборан ўн беш кундан ошмаслиги лозим. Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадлардаги товарларни қўл юки ва багаж ҳолида божхона чегарасидан олиб ўтишда б.д. товарларни кўрсатиш б-н бир вақтда топширилади. Божхона ҳудудига кириб келаётган транспорт воситалари ЎзР божхона чегарасини кесиб ўтганидан кейин кўпи б-н уч соат, божхона ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситалари эса ЎзРнинг божхона чегарасини кесиб ўтишига кўпи б-н уч соат қолганида декларацияланади. (муал. – А.Ли)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига