АШЁЛАРНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ (маъмурий ҳуқуқда) – маъмурий мажбурловнинг алоҳида тури ҳисобланган олдини олиш чораси. МЖКнинг 289-м.га асосан а.к.к. ички ишлар органларининг, ҳарбий соқчилик, ҳаво транспортининг, божхона органларининг, чегара қўшинларининг, солиқ органларининг, ЎзР Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларининг, ЎзР қонун ҳужжатларида бевосита назарда тутилган ҳолларда эса тегишли ваколати бўлган органларнинг бошқа ваколатли шахслари томонидан амалга оширилади. Ашёларни, ов қилиш ва балиқ тутиш қуролларини, қўлга киритилган маҳсулотлар ва б. буюмларни кўздан кечириш, одатда, шу ашё ва буюмлар кимнинг мулки ёки эгалигида бўлса, ўша шахс иштирокида амалга оширилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда, мазкур ашёлар, буюмлар эгаси йўқлигида иккита холис гувоҳ иштирокида ҳам кўздан кечириб чиқилиши мумкин. (муал. – Қ.Абдурасулова)