ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРЛАРИ – ЎзР бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар. Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги ёки ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари В.М.қ. шаклида қабул қилинади. В.М.қ. ва фармойишлари Бош вазир томонидан имзоланади. ЎзРнинг Президенти ЎзР Конс.нинг 89-м. ва 93-м.га асосланган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга, В.М.қ. ва фармойишларини ҳамда Бош вазир фармойишларини бекор қилишга ҳақли. В.М.қ. ва фармойишлари, агар уларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Вазирлар Маҳкамаси ўзи қабул қилган қарорларнинг бажарилиши устидан бевосита ёки вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари орқали назоратни амалга оширади. Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги қарорлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўпламида эълон қилинади, кенг оммага дарҳол етказиш зарур бўлган тақдирда эса оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилинади. (муал. – С.Хидиров)