ВАЛЮТА БОЙЛИКЛАРИ – чет эл валютаси, чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар, чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари ва соф қуйма олтин ва ш.к. Чет эл валютаси муомалада бўлган ҳамда хорижий давлатда қонуний тўлов воситаси ҳисобланган банкнотлар, хазина билетлари ва тангалар кўринишидаги чет эл пул белгилари, муомаладан чиқарилган ёки чиқарилаётган ҳамда худди шу хорижий давлатнинг пул белгиларига алмаштирилиши лозим бўлган чет эл пул белгилари, шунингдек, ҳисобварақларда ва омонатларда бўлган хорижий давлатларнинг пул бирликларидаги ҳамда халқаро пул ёки ҳисоб-китоб бирликларидаги маблағлардир. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги ЎзР қонуни ёки хорижий давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар жумласига киритилган, қиймати чет эл валютасида ифодаланган пул ҳужжатларидир. (муал. – А.Ли)