ВАСИЙЛИК – 14 ёшга тўлмаган болаларга ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан қуйидаги ҳолларда: ота-онаси вафот этган, ота-онаси суд қарори б-н ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки уларнинг ота-оналик ҳуқуқи чекланган, ота-онаси оғир касал бўлган, ота-онаси суд қарори б-н муомалага лаёқатсиз деб топилган, ота-онаси олти ойдан ортиқ муддат бўлмаган ҳолларда, агар бу болаларнинг манфаатлари учун зарур бўлса, ота-онаси бедарак йўқолган, ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган, шу жумладан, ота-она тарбия, даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасалари ва шунга ўхшаш муассасалардан боласини олишдан бош тортганда, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда белгиланади. В. ФК, ОК ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ тасдиқланган ЎзРда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида Низом”га асосан тартибга солинади. В. туман ёки ш. ҳокимининг қарори б-н белгиланади. В. вазифаларини амалга ошириш 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан – халқ таълими бўлимларига, суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан – соғлиқни сақлаш бўлимларига юкланади. ЎзРдан ташқарида яшайдиган, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ЎзРнинг вояга етмаган фуқароларига ва соғлиғи туфайли ўз ҳуқуқини мустақил равишда амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятини бажара олмайдиган ЎзРнинг вояга етган фуқароларига нисбатан васийлик фаолиятини амалга ошириш ЎзРнинг консуллик муассасалари зиммасига юкланади. В. ва ҳомийлик органларидан ташқари бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш ва жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди. (муал. – Ш.Юлдошева)