ВАСИЯТНОМАНИ ИЖРО ЭТУВЧИ – васият қилувчи в.и.этишни меросхўр ҳисобланмайдиган шахсга топшириши мумкин. Бу шахснинг в.и.э.га розилиги унинг қўли б-н васиятномага ёзган устхатида ёки васиятномага илова қилинган аризасида акс эттирилиши лозим. Меросхўрлар ўзаро келишиб, васиятноманинг ижросини меросхўрлардан бирига ёхуд бошқа шахсга топширишга ҳақлидир. Бундай келишувга эришилмаган тақдирда, в.и.э. бир ёки бир неча меросхўрнинг талаби б-н суд томонидан тайинланиши мумкин. В.и.э. васиятнома бўйича меросхўрларни олдиндан хабардор қилган ҳолда васият қилувчи томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан истаган вақтда воз кечиш ҳуқуқига эга. В.и.э. меросхўрларнинг аризасига биноан суднинг чиқарган қарори б-н ҳам ўз мажбуриятларидан озод қилиниши мумкин. В.и.э.: меросни муҳофаза қилиши ва уни бошқариши; барча меросхўрларни ва васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларни мерос очилганлиги тўғрисида ҳамда улар фойдасига васият мажбуриятлари тўғрисида хабардор қилиш учун имкон қадар барча чора-тадбирларни кўриши; мерос қолдирувчига тегишли суммаларни олиши; мерос қолдирувчининг хоҳиш–иродаси ва қонунга мувофиқ меросхўрларга уларга тегишли мол-мулкни бериши; меросхўрлар зиммаларига юклатилган васият мажбуриятларини ижро этишларини таъминлаши; васият мажбуриятларини бажариши ёхуд васиятнома бўйича меросхўрлардан васият мажбуриятларини ижро этишларини талаб қилиши лозим. В.и.э. меросни бошқариш ҳамда васиятномани ижро этиш б-н боғлиқ суд ишларида ва б. ишларда ўз номидан қатнашишга ҳақли, шунингдек, бундай ишларда иштирок этишга жалб этилиши мумкин. В.и.э. ўз мажбуриятларини меросни қарзлардан ҳоли қилиш, мерос қолдирувчига тегишли суммаларни ундириш ва барча меросхўрларнинг меросга эгалик қилишга киришиши учун зарур бўлган оқилона муддат мобайнида амалга оширади. Ҳар қандай ҳолда ҳам кўрсатилган муддат мерос очилган кундан бошлаб бир й.дан ошиб кетмаслиги керак. В.и.э. меросни бошқариш ва васиятномани ижро этиш бўйича зарур харажатларни мерос ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга. Васиятномада уни ижро этувчига мерос ҳисобидан ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Васиятнома ижро этиб бўлингач, в.и.э. меросхўрларнинг талабига биноан уларга ҳисобот тақдим этиши шарт. (муал. – И.Зокиров)