ВИНДИКАЦИОН ДАЪВО – мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга бўлган ҳуқуқи. Қонунсиз эгалик инсофли ёки инсофсиз бўлиши мумкин. Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўлаб олинган бўлса, олувчи буни билмаган ва билиши мумкин бўлмаган бўлса у инсофли эгалловчи бўлиб (бунинг акси инсофсиз эгалловчи тушунчасини беради), мол-мулк мулкдор томонидан ёки эгалик қилиш учун мулкдор берган шахс томонидан йўқотиб қўйилган ёхуд мулкдордан ёки у мол-мулкини берган шахсдан ўғирланган, ё бўлмаса уларнинг ихтиёридан ташқари бошқача йўл б-н уларнинг эгалигидан чиқиб кетган бўлса, мулкдор бу мол-мулкни олган шахсга в.д. қилишга ҳақли. Агар мол-мулк суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда сотилган бўлса, мол-мулкни юқорида кўрсатилган асослар бўйича талаб қилиб олишга йўл қўйилмайди. Агар мол-мулк уни бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсдан ҳақ тўламасдан олинган бўлса, мулкдор мол-мулкни барча ҳолларда ҳам в.д. қилишга ҳақли. Пул, шунингдек, тақдим этувчига деб ёзилган қимматли қоғозлар инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиниши мумкин эмас.
В.д. орқали мулкдор мол-мулкини талаб қилиб олаётганида ўз эгалигининг қонуний эмаслигини билган ёки билиши лозим бўлган шахсдан (инсофсиз эгалловчи) ушбу шахс мол-мулкка эгалик қилган бутун вақт давомида олган ёки олиши лозим бўлган барча даромадларни қайтариб беришни ёки тўлашни, инсофли эгалловчидан эса – у ўзининг эгалиги қонуний эмаслигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан бошлаб ёхуд мулкдорнинг мол-мулкни талаб қилиб олиш ҳақидаги даъвоси бўйича талаб келган пайтдан бошлаб олган ёки чиқариб олиши лозим бўлган ҳамма даромадларни ҳам талаб қилиб олишга ҳақлидир. Ўз навбатида инсофли эгалловчи ҳам, инсофсиз эгалловчи ҳам мол-мулкдан қанча вақт давомида олинган даромад мулкдорга қайтарилиши керак бўлса, шунча вақт давомида мол-мулкка қилинган зарур харажатларини тўлашни мулкдордан талаб қилишга ҳақли. Башарти, ашёни яхшилайдиган нарсаларни ашёга шикаст етказмасдан ажратиб олиш мумкин бўлса, инсофли эгалловчи мазкур нарсаларни ўзида қолдиришга ҳақли. Агар бундай нарсаларни ажратиб олиш мумкин бўлмаса, инсофли эгалловчи ашёни яхшилаш учун қилинган харажатларни в.д. қилиш ҳуқуқига эга, лекин бу харажатлар ашёга қўшилган қийматдан кўп бўлмаслиги керак. (муал. – И.Зокиров)