ВОРИСЛИК – мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи усуллардан бири. Мулкдор мол-мулкининг юридик тақдирини белгилашга фақат ўзи ҳақлидир. Чунки мулкдор мулк ҳуқуқининг учала элементини ҳам (мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш) соҳиби ҳисобланади. Мулкдор ворис (ворислар)ни ўзи танлаш, лозим бўлса меросдан маҳрум этиш ваколатига эгадир. Бу ўринда мулкдор ворис сифатида ўзи истаган фуқарони (фарзандлари, қариндошлари ёки етти ёт бегона шахсни), юридик шахсни (мас., қариялар ёки меҳрибонлк уйини) танлаши, мулкини давлатга, (туман ҳокимияти балансига) ўтказиш имкониятига эгадир. В.нинг яна бир усули – қонун бўйича ворисликдир. Бу васиятнома мавжуд бўлмаган ҳолларда вужудга келиб, унинг ФКда белгиланган бешта навбати мавжуд. Шунингдек, ҳуқуқда универсал ҳуқуқий ворислик тушунчаси ҳам мавжуд бўлиб, у юридик шахслар қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) юз беради. Юридик шахслар қайта ташкил этилганда аввалги юридик шахсга тегишли бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, шу жумладан, мол-мулк топшириш ҳужжатига ёки янгидан ёхуд тақсимлаш балансига асосан унинг янги ворисига мутаносиб равишда ўтади. (муал. – И.Зокиров)