ВОРИСЛИК ҲУҚУҚИ – ЎзР Конс.нинг 36-м.га кўра, мерос ҳуқуқи қонун б-н кафолатланади. В.ҳ. ворислик асосида вужудга келиб, унда мерос қолдирувчи ва меросхўр ўртасидаги мерос мол-мулкини ворисга ўтказиш б-н боғлиқ ташкилий–ҳуқуқий муносабатлар ётади. В.ҳ. асосида ўтган мол-мулк янги мулкдорнинг ўз мулки ҳисобланади, бинобарин, унинг юридик режимини янги мулкдор белгилайди. В.ҳ. икки асосда вужудга келади: васиятнома асосида ва қонун бўйича. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёки васиятнома бутун мероснинг тақдирини белгиламаса амалга оширилади. Мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари киради. Мерос қолдирувчининг шахси б-н чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, чунончи, юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва б. ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқача ҳолат белгиланган бўлмаса, ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи, алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида пенсия, нафақа ва б. тўловлар олиш ҳуқуқи, мулкий ҳуқуқлар б-н боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди. Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади. Мерос қолдирувчининг ўлган куни, у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади. Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома у ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Васиятномада қонун бўйича меросхўрлар кўрсатилмаган ёки васиятнома бутун мероснинг тақдирини белгиламаган бўлса, амалга оширилади. Меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш меросхўрнинг авлодларига ўтади. (муал. – И.Зокиров)