ВОТУМ (лотинча votum – хоҳиш, ирода) – сайлов ёки вакиллик муассасасида кўпчилик овоз б-н ифодаланган ёки қабул қилинган фикр ёки қарор. Мас.: сайлов в.и – парламент, президент, маҳаллий вилоят сайлови бўйича сайлов кампанияси натижалари. Парламент амалиётида – ҳукумат ёки айрим вазирнинг сиёсий йўли, муайян тадбири ёки қонун лойиҳасининг (одатда қуйи палата томонидан) маъқулланиши (ишонч в.и) ёки номаъқул деб топилиши (ишончсизлик в.и). Ишонч в.и тўғрисидаги масалани қўйиш ташаббуси б-н ҳукуматнинг ўзи, парламент фракциялари ёки депутатлар гуруҳлари чиқиши мумкин. Плюрал в. – айрим мамлакатларда сайловчиларнинг муайян тоифалари сайловда икки ёки ундан ортиқ овозга эга бўлишини тақозо этадиган тартиб. Билвосита (эвентуал) в. – пропорционал сайлов тизимида овоз бериш натижаларини аниқлаш тартиби. Бунда муайян номзод учун берилган ва сайлов квотасидан ошиб кетган овозлар айни шу партия рўйхатидаги бошқа номзодга ўтказилади. Мажбурий в. – айрим мамлакатларда муомалага лаёқатли барча фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига сайловда қатнашишини талаб қилувчи юридик мажбурият. Бунда мазкур талабни бажармаган фуқарога жарима солинади. (муал. – О.Муҳаммаджонов)