БУЙРУҚ ЁКИ БОШҚА ВАЗИФАНИ ИЖРО ЭТИШ – буйруқ ёки бошқа фармойишни, шунингдек, мансаб вазифаларини қонунан бажариш туфайли зарар етказилган бўлса, жиноят деб топилмайди. Буйруқ, фармойиш ёки мансаб вазифаларини қонуний эканлигини кўрсатувчи биринчи шарт уларнинг расмий, тегишли суратда бўлишлигидир. Буйруқ – ижро этилиши даркор. У бошқарув ваколатлари берилган шахс томонидан бирор – бир ҳаракатларни амалга оширишни қонун ёки қонун ости ҳужжати асосида талаб этишдан иборат. Илтимос, ишонтириш, мажбурлаш ва ҳ.к.. Буйруқлар б-н бирга фармойишлар, кўрсатмалар ва б. берилади. Улар орасидаги фарқ ҳал этилаётган масалаларнинг турлича характерга эга эканлигида ва уларни қабул этишга ҳақли шахсларнинг ҳуқуқий ҳолатларида намоён бўлади. Буйруқ ёки бошқа фармойиш маълум шаклда ифода этилиши шарт эмас. Бошқарувни ташкил этиш амалиётида буйруқ ва б. фармойишлар ёзма, оғзаки ва кўргазмавий (белги, байроқ ва ҳ.к.) шаклда берилади, шунингдек, улар алоқанинг техник воситалари ёрдамида ҳам берилиши мумкин. Бироқ, баъзи ҳолларда, буйруқ ёки бошқа фармойишлар аниқ бир шаклга, одатда, ёзма шаклга эга бўлиши лозим. Бу талабга роия этмаслик тегишли ҳужжатнинг ноқонунийлигини билдиради. Буйруқ ёки бошқа фармойишдан фарқли ўлароқ, мансаб вазифалари ходим ўзи эгаллаб турган мансабга боғлиқ равишда ундан амалга ошириши талаб этилган мажбуриятларнинг доирасини ифодалайди. Қонунга мувофиқ, мансаб вазифалари ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган шартномада ёзма равишда қайд этилиши лозим. Акс ҳолда, мансабга алоқадор мажбуриятлар шакли ноқонуний деб ҳисобланади. Бошқарув акти, шунингдек, олдиндан келишилган мансаб вазифалари мазмуни жиҳатдан ҳуқуқий талабларга зид келмаслиги лозимдир. Бунда, нафақат жиноят қонунига, балки қонунчиликнинг бошқа ҳужжатларига, жумладан, қонун ости ҳужжатларига ҳам зиддият мавжуд бўлмаслиги лозимдир. (муал. – Қ.Абдурасулова)