Yangi hujjatlar

ГУМОН ҚИЛИНУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

ГУМОН ҚИЛИНУВЧИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ – гумон қилинувчи ўзининг қандай жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлигини билиш; ушланганидан кейин йигирма тўрт соатдан кечиктирмай сўроқ қилинишини талаб қилиш; ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ва ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари бўйича кўрсатувлар бериш; ўз она тилидан ва таржимон хизматидан фойдаланиш; гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан ёки у ушланган пайтдан бошлаб ҳимоячи олиш ва сўроқ тугаганидан сўнг у б-н холи учрашиш; ҳуқуқларини ҳимоя қилишни шахсан ўзи амалга ошириш; илтимоснома бериш ва рад қилиш; далиллар тақдим қилиш; суриштирувчи ёки терговчининг рухсати б-н тергов ҳаракатларида иштирок этиш; ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этиш; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан шикоятлар бериш ҳуқуқига эгадир.

Гумон қилинувчи суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг чақирувига биноан ҳозир бўлиши, суриштирувда ва дастлабки терговда иштирок этишдан бош тортмаслиги; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар б-н тўсқинлик қилмаслиги; суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг гувоҳлантириш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисидаги қарорлари ва ЖПКда назарда тутилган бошқа процессуал қарорлар ижро этилишига тўсқинлик қилмаслиги; ишни тергов қилишда тартибга риоя этиши шарт. (ЖПК 66-м.)

Гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек, ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас. (муал. – З.Иноғомжонова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига