ЖАЗО – жиноят қонунчилигига асосан, жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми б-н қўлланадиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чораси. Ж. маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади (ЖК 42-м.). (қ.: Жазо тайинлашнинг умумий асослари).
Ж. турлари а) жарима б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, в) ахлоқ тузатиш ишлари, г) хизмат бўйича чеклаш, д) қамоқ, е) интизомий қисмга жўнатиш, ж) озодликдан маҳрум қилиш, з) ўлим жазоси.
Қуйидагилар асосий ж. турлари сифатида қўлланилади: а) жарима, б) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, в) ахлоқ тузатиш ишлари, г) хизмат бўйича чеклаш, д) қамоқ, е) интизомий қисмга жўнатиш, ж) озодликдан маҳрум қилиш, з) ўлим ж.си. Хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш ж.лари фақат ҳарбий хизматчиларга қўлланилади. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш фақат қўшимча Ж. сифатида, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш эса ҳам асосий ж. сифатида, ҳам қўшимча жазо сифатида қўлланилиши мумкин.
Жиноий ж. чораси фақат суд томонидан тайинланиши мумкин. Ж. тайинлаш учун жиноий қилмишнинг содир этилганлиги асос бўлади ва б. ҳар қандай қилмиш жиноий жавобгарлик учун асос бўла олмайди. Жазо фақат жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан тайинланади Махсус ҳуқуқ ва эркинликдан маҳрум қилиш фақат жиноят қонунида кўрсатилган бўлса қўлланилиши мумкин.
Жиноий ж. муайян сифат ва миқдор хусусиятига эга. Сифат тарзида, жиноий Ж. чораси орқали таьсир этишнинг мазмуний жиҳати ва тури тушунилади. Миқдор хусусияти – айбдорга у ёки бу усулда таьсир этишнинг чегарасида ифодаланади Мас., жаримада унинг миқдори, озодликдан маҳрум этишда – муддати. Ҳеч кимга жиноят қонунида белгиланган сифат ва миқдор хусусиятидан четга чиқиб Ж. тайинланиши мумкин эмас. Фақат суд белгиланган Ж. доирасида жиноят қонунига мувофиқ Ж. муддати ва режимини белгилаш орқали қандай миқдорда ва сифатда Ж. қўлланилишини белгилаши мумкин.
МЖТКнинг 23-м.да назарда тутилган Ж. чоралари. Маъмурий Ж. жавобгарликка тортиш чораси бўлиб, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, ана шу ҳуқуқбузарни ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам яна содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. (муал. – Ғ.Абдумажидов)