ЖАВОБГАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ – фуқаролик процессида иш материаллари б-н танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори устидан шикоят қилиш, суд чиқарган ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорнинг мажбурий ижросини талаб қилиш, суд ижрочисининг ҳаракатлари вақтида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга оширишга, ёрдам беришни илтимос қилишга ҳақли. Жавобгарнинг махсус процессуал ҳуқуқлари ҳам мавжуд. Улар қуйидагилар: даъвогарнинг талабини тўлиқ ёки қисман тан олиш, келишув битими тузиш, қарши даъво келтириш ва б. Жавобгарнинг мажбуриятлари: барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланиш, судга ўз вақтида етиб келиш ва ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан иборат. Фуқаровий жавобгар жиноят процессида ҳам ана шу ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. (муал. – Ш.Шорахметов)