ЖАЗО ИЖРОСИНИ ТУГАТИШ – маҳкумнинг суд тайинлаган жазо муддатини ўтаб бўлиши, унинг жазони ўташ муддатидан илгари озод қилиниши, суд ҳукми ёки иш юритилишининг тугатилиши, ҳукмнинг назорат тартибида ўзгартирилиши ва жазонинг шартли ҳукм б-н алмаштирилиши, маҳкумнинг вафоти б-н тугайди (ЖИК 167-170-м.). Ж.и.т. қонунда белгиланган муддатнинг охирги кунига тўғри келади. Агарда жазо муддати дам олиш ёки байрам кунлари тугайдиган бўлса, улар бир кун аввал тугатилади. Ж.и.т. пайтида жазони ижро этувчи муассасалар маъмурияти маҳкум б-н тўла ҳисоб-китоб қилади, уларнинг шахсий ҳужжатлари, буюмлари, қимматбаҳо нарсалари, шахсий ҳисобварағидаги пулларини қайтариб беради ҳамда жазони ўтаб бўлганлиги ёки жазодан озод этилганлиги ҳақида белгиланган тартибда маълумотнома беради. Маҳкум вафот этганда жазони ижро этиш муассасаси бу ҳақда марҳумнинг қариндош–уруғларига зудлик б-н телеграф орқали хабар беради, маҳкумнинг жасади қариндош–уруғларига қонунда белгиланган тартибда берилади, агарда қариндош–уруғларидан бу ҳақда ариза тушмаса, мурда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан дафн этилади. (муал. – Қ.Абдурасулова)