ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ – ЖИКга мувофиқ Ж.и.к. тушунчаси жиноят учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этувчи давлат органлари ва муассасалари ҳамда суд томонидан муайян шахсга нисбатан чиқарилган индивидуал ҳукмнинг ижросини таъминлашда у ёки бу даражада иштирок этувчи мансабдор шахсларга тааллуқлидир. Мас., жарима тариқасидаги жазо ЎзР Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий–техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти томонидан ижро этилади. Ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ, озодликдан маҳрум қилиш ва ўлим жазоси ички ишлар органлари томонидан ижро этилади. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукм талаби маҳкумнинг иш жойидаги маъмурият томонидан, шунингдек, тегишли фаолият турлари б-н шуғулланишга берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органлар томонидан ижро этилади. Ҳарбий хизматчиларга нисбатан хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо – ҳарбий хизматчи хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисмларнинг (муассасаларнинг) қўмондонлиги томонидан; қамоқ тариқасидаги жазо – махсус қамоқ уйлари томонидан; интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазо – махсус ташкил этилган ҳарбий қисмлар томонидан ижро этилади. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо мазкур унвонни берган орган томонидан ижро этилади. Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқ–атвори устидан назорат ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчиларга нисбатан эса – улар хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонлиги томонидан амалга оширилади. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари: ижтимоий хавфли қилмиш содир этган руҳий касалларга нисбатан – соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан; алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан маҳкумларга нисбатан – соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан, улар озодликдан маҳрум этиш ёки қамоққа ҳукм қилинган тақдирда эса – ички ишлар органларининг тиббий муассасалари томонидан ижро этилади. Вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чоралари: жабрланувчидан узр сўраш, етказилган зарарни тўлаш ёки бартараф этиш мажбуриятини юклаш – суд томонидан; махсус ўқув–тарбия муассасасига жойлаштириш – халқ таълими органлари томонидан ижро этилади. (ЖИК 136-162-м.). (муал. – Ғ.Абдумажидов)