ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК – юридик жавобгарлик турларидан бири, содир этилган жиноятнинг ҳуқуқий оқибати. Жиноятнинг содир этилиши юридик факт бўлиб одил судлов йўли б-н айбдор ва давлат орасида ўзига хос ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтиради. Моҳиятига кўра бу ҳуқуқий муносабатлар давлатнинг ҳуқуқини муҳофаза қилувчи идораларга жиноятнинг тергов қилиш ва муайян шахснинг айбдор эканлигига етарли далиллар бўлганида уни жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқини беради. Жиноятни содир этган шахсда эса, бир томондан, жиноий жавобгар бўлиш, иккинчи томондан эса, ушбу қилмиши учун қонунда белгиланган даражада жавобгар бўлиш мажбурияти мавжуд бўлади. Қонунда жиноятга тайёргарлик кўрганлик, жиноятга суиқасд ва жиноятга иштирокчилик учун ҳам Ж.ж. белгиланган. Конс.нинг 18-м.га кўра ЎзРда барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлиб жинси, ирқи, миллати, тили, дини ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Жиноят ҳуқуқи соҳасида бир хил оғирликдаги жиноятларни содир этишда айбдор бўлганлар бир хаил жазога тортиладилар. Ж.ж. (хусусий айблов мавжуд бўлган ишлардан ташқари) оммавий очиқ кўрилиш хусусиятига эга, яъни – Ж.ж. тортишга ваколатли ягона субъект бўлган давлат органларидан бири – суд ҳисобланади. Ж.ж. шахсий хусусиятга эга, яъни аниқ бир жиноятни содир қилган (ёки унинг содир этилишида иштирок этган) шахсгина жавогарликка тортилади. Ж.ж. жамият учун жиддий хавфли қилмиш–жиноят содир этилганидан вужудга келади ва жиноий жазони қўллаш б-н амалга оширилади. Бошқи ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдорлар маъмурий ёки фуқаровий жавобгарликка тортилишлари мумкин. Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ишчи–ходимлари учун белгилаб қўйилган қоидаларнинг бузилиши интизомий жавобгарликни вужудга келтиради. Қонунда кўрсатилган ҳолатларда жиноят содир этган шахс Ж.ж.дан озод қилиниши ҳам мумкин. Мас, ишни тергов қилиш ёки судда кўриш вақтида шароит ўзгарганлиги туфайли содир этилган қилмиш ўзининг ижтимоий хавфлилигини йўқотган деб топилса, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин (ЖКнинг 65-м.). Ж.ж. маҳкум жазони ўтаб бўлиши б-н тугайди; судланганлик бекор қилиниши ёки олиб ташланиши б-н жиноий жавобгарликни барча жиноий–ҳуқуқий оқибатлари тугаган ҳисобланади. (муал. – Б.Ахроров)