ЖИНОИЙ ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИШ – жиноят содир қилишда айбдор деб топилган ва жазога маҳкум қилинган шахсга нисбатан жазони қўллаш ёхуд бошқа усул ва воситалар б-н жазо мақсадларига эришиш имконияти мавжуд бўлса-да, жазони ўташни давом эттиришдан давлатнинг воз кечишидир. Ж.ж.о.қ. деганда, айбдорни айнан суд ҳукми б-н тайинланадиган жазодан озод қилиш тушунилади. Ж.ж.о.қ. жиноий жавобгарликдан озод бўлишни билдирмайди ва судланганликни бекор қилмайди. Ж.ж.о.қ. учун жиноий жазо чораларини қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслиги асос бўла олади. Ҳукм чиқариш вақтида ёки айбдор жазони қисман ўтаганидан сўнг шахсни жавобгар этиш поғонасида жазо ўз мақсадига етганлиги кўзга ташланади ва шахс меҳнатга, ўқишга бўлган муносабати ва яхши томонга ўзгарган маънавий тамойиллари б-н ўзининг тўғри ҳаёт бошлашга тайёр, қонунларни ҳурмат қилувчи фуқаро эканлигини исботлайди. Баъзи ҳолларда, судланган шахс аҳлоқи тузалмаса-да, жазони оғир касаллиги туфайли ўтай олмаслиги мумкин. Унга нисбатан ҳам Ж.ж.о.қ. тартиби қўлланади (ЖК 69-76-м.). (муал. – Б.Ахроров)